Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва йирик инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича қабул қилинган кенг кўламли дастурлар қурилиш материалларига бўлган талабни кескин оширмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари иштирокида ўтказилган йиғилишда қайд этилди.
Маълум қилинишича, жорий йил бошида қабул қилинган дастурга мувофиқ, 2040 йилга қадар мамлакатда қуриладиган уй-жойлар сони икки баробарга оширилиб, йилига 280 мингтага етказилади. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” массивлари сони 61 тадан 120 тагача кўпайтирилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда мамлакатда ҳар йили 20–25 миллион квадрат метр ҳажмдаги турар-жой ва тижорат объектлари фойдаланишга топширилмоқда. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, фақат уй-жой ва тижорат биноларининг ўзи йилига камида 10 миллиард долларлик қурилиш материалларига эҳтиёж яратмоқда.
Қурилиш соҳасидаги талабни янада оширадиган омиллардан бири сифатида мамлакатда амалга оширилаётган йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари кўрсатилди. Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ҳамкорларга умумий қиймати 27 миллиард долларлик янги инфратузилма ташаббуслари таклиф этилган.
Жумладан, Жиззах вилоятида атом электр станцияси, Тошкент вилоятида 4-мисни бойитиш фабрикаси, Ўрта Чирчиқ туманида янги халқаро аэропорт, Янги Тошкент шаҳрида 55 минг ўринли футбол стадиони ҳамда узунлиги 282 километр бўлган Тошкент – Самарқанд автомобиль йўлини қуриш режалаштирилган.

