Хоразм вилоятида жамоат транспорти тизимини рақамлаштириш бўйича янги босқич бошланмоқда. Қабул қилинган қарорга мувофиқ, автобус ва троллейбусларда йўл ҳақини тўлаш босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.
Белгиланган тартибга кўра, биринчи босқич жорий йилнинг 1 июлидан амалга оширилади. Унда HI-4, SHI-5, SHI-7, SHI-13, SHI-18, SHI-19 ва SHI-28 автобус йўналишлари, шунингдек, Т1-сонли «Урганч шаҳри ва Хива шаҳри» троллейбус йўналишида нақд пулсиз тўлов тизими жорий этилади.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса қолган автобус ва троллейбус йўналишларида брутто-шартномалар расмийлаштирилгандан сўнг электрон тўлов тизими татбиқ этилади. Кейинги босқичда жамоат транспортида йўл ҳақини тўлаш тўлиқ электрон шаклга ўтказилиши режалаштирилган.

