Президент Шавкат Мирзиёев онкологик ва гематологик тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, паллиатив хизматни ривожлантириш ҳамда давлат тиббиёт муассасалари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда онкологик касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш самарадорлигини халқаро стандартлар асосида оширишга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди. Асосий вазифалардан бири сифатида аҳолининг энг кўп учрайдиган саратон турлари бўйича мақсадли скрининг текширувлари қамровини 60 фоизга етказиш белгиланди. Шунингдек, онкологик беморларнинг беш йиллик яшаб қолиш кўрсаткичини ҳозирги 35 фоиздан камида 45 фоизгача ошириш режалаштирилмоқда.
Бу мақсадларга эришиш учун 2027 йилдан бошлаб мамлакат ҳудудларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилган Саратонга қарши миллий дастур босқичма-босқич жорий этилади. Дастур доирасида бирламчи бўғин тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, замонавий клиник тавсияларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда беморларни ташхислаш ва даволашда кўп тармоқли ёндашувни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Онкология хизматини модернизация қилиш доирасида нур терапияси ускуналарини янгилаш кўзда тутилган. Эскирган кобальт аппаратлари босқичма-босқич замонавий чизиқли тезлаткичлар билан алмаштирилади, юқори дозали брахитерапия имкониятлари эса кенгайтирилади.
Таклифларнинг алоҳида қисми паллиатив ва хоспис ёрдамини ривожлантиришга бағишланган. 2030 йилга қадар бундай хизматларга муҳтож фуқароларнинг камида 80 фоизини қамраб олиш мақсад қилинган. 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб республикада тиббий ва ижтимоий хизматларни бирлаштирган ҳамда электрон ахборот тизими асосида ишлайдиган ягона паллиатив ва хоспис ёрдами тизими йўлга қўйилади.
Мамлакатда уй шароитида хизмат кўрсатувчи мобил паллиатив гуруҳлар ташкил этилади, хоспислар тармоғи эса босқичма-босқич барча ҳудудларни қамраб олади. Тошкент шаҳридаги ҳудудлараро хоспис мазкур йўналиш бўйича услубий марказ вазифасини бажаради. Самарқанд вилоятида эса болалар учун паллиатив ёрдам кўрсатувчи хоспис маркази ташкил этилади.
Паллиатив ёрдамга муҳтож деб топилган беморларга тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси қарори асосида қўшимча тиббий текширувларсиз ногиронлик расмийлаштириш имконияти яратилади. Уй шароитида парваришга муҳтож фуқароларни функционал каравотлар ва махсус матраслар билан таъминлаш учун ваучер тизими жорий этилади.
Шунингдек, гематология ва онкогематология хизматини ривожлантириш чоралари ҳам тақдим этилди. 2030 йилга қадар ушбу касалликларни эрта аниқлаш даражасини 60 фоизга етказиш, трансплантация кутиш муддатини олти ойдан уч ойгача қисқартириш режалаштирилган. Ҳудудларда гемопоэтик ўзак ҳужайралар трансплантацияси амалиётини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Тақдимотда давлат тиббиёт ва фармацевтика муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, камида 15 йиллик меҳнат стажига эга ходимларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларида ўқиши учун тўловнинг бир қисмини ҳамда ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг муайян қисмини қоплаб бериш таклиф этилди.
Тақдимот якунида давлат раҳбари билдирилган ташаббусларни маъқуллаб, уларни самарали амалга ошириш, ҳудудларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ташхис ва даволашнинг замонавий технологияларини жорий этиш бўйича топшириқлар берди.

