Президент Шавкат Мирзиёевга фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш ва қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлашга қаратилган уй-жойларни улушли қуриш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди.
Ҳужжатни қабул қилиш зарурати улушли қурилиш соҳасидаги қоидабузарликлар сони ортиб бораётгани билан изоҳланмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг ўзида қарийб 3 минг нафар фуқаро 668 миллиард сўм миқдорида зарар кўрган.
Қонун лойиҳасида эскроу ҳисобрақамлари тизимини жорий этиш назарда тутилган. Янги механизмга мувофиқ, харидорлар маблағлари махсус банк ҳисобрақамларида сақланади ва қурилишнинг белгиланган босқичлари бажарилгандан кейингина қурувчи ташкилотга ўтказилади. Маблағлардан мақсадли фойдаланиш устидан назорат ваколатли банклар томонидан амалга оширилади.
Адлия вазири Акбар Тошқуловнинг таъкидлашича, мазкур тизим маблағларни мақсадсиз сарфлаш ҳамда битта хонадонни бир нечта харидорга сотиш ҳолатларининг олдини олиш имконини беради. Қурилиш жараёнида муаммолар юзага келган тақдирда, улушдорлар манфаатларини ҳимоя қилиш механизми ишлайди.
Шунингдек, қурувчи ташкилотларнинг ягона реестрини яратиш ва «Uy-joy» электрон платформасини жорий этиш режалаштирилган. Унда девелоперлар, рухсат этувчи ҳужжатлар, қурилиш жараёни, шартномалар ва эскроу ҳисобрақамлари ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади.
Қонун қабул қилиниши натижасида уй-жой бозоридаги шаффофликни ошириш, қурилиш босқичида квартира харид қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш кутилмоқда.

