Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ассамблея доирасида БМТ Бош котиби ўринбосари ва БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури ижрочи директори Ингер Андерсен ҳамда Глобал экологик жамғарма бош ижрочи директори Карлос Мануел Родригез билан учрашувлар ўтказилди.
Мулоқотлар чоғида Марказий Осиё учун долзарб ҳисобланган экологик масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, чўлланиш ва ерлар деградациясига қарши курашиш, атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш йўналишларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар экологик барқарорликни таъминлаш, замонавий мониторинг тизимларини жорий этиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Учрашувларда, шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган «яшил» ислоҳотлар ва экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ассамблея якунлари юзасидан UNEP ва GEF раҳбариятининг экологик ташаббусларга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланиб, Самарқанд шаҳрида ўтказилган мазкур нуфузли тадбирнинг муваффақиятли ташкил этилгани қайд этилди.

