Қалампирмунчоқни назардан ҳимоя қилади деб, айвонингизга осиб қўйган бўлсангиз, тезда пастга олинг-у, шифосидан баҳраманд бўлинг. Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино қалампирмунчоқ тўғрисида шундай деган: «Унинг яхшиси қуруқ, чучук мазали ва ўткир ҳидлисидир.
Оғиз ҳидини ёқимли қилади, кўзни ўткирлаштиради, меъда ва жигарни кучайтиради, қусиш ва кўнгил айниганга фойда қилади…» Қалампирмунчоқнинг таркибида эвгенол моддаси мавжудлиги боис, ундан муаттар ҳид бирла шифо ҳам таралади.Унинг мойи оғриқ қолдирувчи, микробларга қирон келтирувчи, терлатувчи ва пешоб ҳайдовчи хусусиятлари билан қадрланади.Тиш оғриғи безовта қилганда милкларга унинг кукунини қўйиш ёхуд шонасини чайнаш орқали шифо топилади.
У ичак инфекцияларида — ичкетарда фойда қилади, таом ҳазмини яхшилайди, ичакларда дам ҳосил бўлишини камайтиради.Шунингдек, у бел оғриганда, билак, тизза, артроз, ревматизм, радикулит, миазит, невралгия касалликларига ҳам фойдали.

