Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи, Фабио Каннаваро 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этадиган 30 нафар футболчидан иборат якуний таркибни маълум қилди.
Эълон қилинган рўйхатдан маҳаллий чемпионат ва хориж клубларида фаолият юритаётган етакчи футболчилар ўрин олган. Терма жамоа таркиби дарвозабонлар, ҳимоячилар, ярим ҳимоячилар ва ҳужумчилардан шакллантирилди.
Дарвозабонлар қаторига Ўткир Юсупов, Ботирали Эргашев ва Абдувоҳид Неъматов киритилган.
Ҳимоя чизиғида Абдуқодир Ҳусанов, Рустамжон Ашурматов, Умарбек Эшмуродов, Авазбек Ўлмасалиев, Абдулла Абдуллаев, Жаҳонгир Ўрозов, Хожиакбар Алижонов, Беҳруз Каримов, Фаррух Сайфиев ва Шерзод Насруллаев каби футболчилар жой олган.
Ярим ҳимоячилар рўйхатидан Русланбек Жиянов, Шерзод Эсанов, Умарали Раҳмоналиев, Азизжон Ғаниев, Акмал Мозговой, Отабек Шукуров, Одилжон Ҳамробеков, Жамшид Искандеров, Жасур Жалолиддинов ҳамда Достон Ҳамдамов ўрин олди.
Ҳужум чизиғида эса терма жамоанинг асосий кучлари саналган Элдор Шомуродов, Аббос Файзуллаев, Жалолиддин Машарипов, Остон Ўрунов, Азизбек Амонов, Игорь Сергеев ва Шерзод Темиров майдонга тушиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 26 май куни тонгда Тошкентдан Нью-Йорк шаҳрига жўнаб кетади. Жамоа АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионати олдидан тайёргарлик йиғини ва назорат учрашувларида иштирок этади.
Футбол мухлислари катта умид билан кузатаётган миллий жамоа тарихдаги илк жаҳон чемпионати иштирокини муносиб натижалар билан бошлашни мақсад қилган.

