Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти доирасида судьялар кенгашларининг халқаро йиғини бўлиб ўтди. Анжуманда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва суд тизимларида самарали бошқарувни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир туркий цивилизациянинг қадимий марказларидан бири саналган Самарқанд шаҳрида, Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги халқаро миқёсда нишонланаётган кунларда ташкил этилгани алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда Туркий давлатлар ташкилотининг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи тобора ортиб бораётгани, ташкилот туркий бирлик ва тараққиётни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаётгани қайд этилди.
Анжуман иштирокчилари геосиёсий вазият мураккаблашиб бораётган ҳозирги шароитда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мустақил суд тизимини шакллантириш масалалари янада долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.
Шу муносабат билан судьялар кенгашларининг фаолияти, судьялар корпусини шакллантириш ва ахлоқий меъёрларни мустаҳкамлаш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида аъзо давлатларда судьялар одобининг умумий принциплари тўғрисидаги ўзаро англашув меморандумини имзолаш режалаштирилгани маълум қилинди. Қайд этилишича, мазкур ҳужжат туркий халқларнинг умумий ҳуқуқий анъаналари ва суд тизимлари ўртасидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ҳужжат халқаро миқёсда тан олинган судьялик хулқ-атвор меъёрларини эътироф этиш билан бирга, миллий ҳуқуқий анъаналарга ҳурмат тамойилини ҳам қамраб олади.
Анжуманда жорий йил 6 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Одил судлов академиялари форуми натижаларига ҳам эътибор қаратилди. Унда суд-ҳуқуқ соҳасида туркий давлатлар таълим тизими учун минимал стандартларга оид халқаро ҳужжат қабул қилингани таъкидланди.
Мутахассислар фикрича, мазкур ташаббус судьяларни тайёрлашнинг ягона ва замонавий тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Йиғилиш иштирокчилари Самарқанд форуми мамлакатлар ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, туркий дунёнинг халқаро нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар.

