Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси дори воситалари нархларини асоссиз ошириш билан боғлиқ қарийб 686 мингта ҳолатни аниқлади. Қонунбузилишлар орқали олинган маблағлар умумий суммаси 21,1 млрд сўмдан ошган.
Идора маълумотларига кўра, қонунбузилишлар қарийб 2,5 мингта дорихонада аниқланган. Айрим ҳолатларда чекланган савдо устамалари 10 фоиздан уч бараваргача оширилган. Натижада истеъмолчилар дори воситалари учун ортиқча тўлов қилган, олинган маблағлар эса асоссиз деб топилган. Қўмита фуқароларга пулларни қайтариш бўйича чоралар кўрилганини маълум қилди.
Шунингдек, жорий йилнинг биринчи чорагидаёқ 190 дан ортиқ дорихонада 110,5 мингдан зиёд нарх ошириш ҳолати аниқлангани, уларнинг умумий суммаси 1,4 млрд сўмдан ошгани қайд этилди. Ушбу ҳолатлар бўйича ҳам харидорларга маблағларни қайтариш ишлари ташкил этилган.
Фуқаролар дори воситалари нархини референт нархлар реестри орқали текширишга чақирилди. Нархлар оширилгани аниқланган тақдирда Қўмитанинг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.
Аввалроқ ўтган йили 765 та дорихонада дори воситалари нархини ошириш билан боғлиқ 267 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолати аниқлангани хабар қилинган эди. Ўшанда дорихоналарнинг ноқонуний даромади қарийб 8 млрд сўмни ташкил этган.

