Ўзбекистонда 2026 йилги Қурбон ҳайити 27 май — чоршанба куни кенг нишонланади. Бу ҳақда қабул қилинган қарорда белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қурбон ҳайитининг биринчи куни 27 майга тўғри келиши ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинди.
Қайд этилишича, мамлакатда инсонпарварлик, саховат, бағрикенглик ва меҳр-оқибат каби қадриятларни мустаҳкамлашда Қурбон ҳайити муҳим маънавий аҳамиятга эга байрамлардан бири ҳисобланади. Айниқса, ижтимоий давлат барпо этиш, аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтиришда ушбу байрам анъаналари муҳим ўрин тутади.
Қарорга кўра, Меҳнат кодексининг 208-моддаси асосида Қурбон ҳайитининг биринчи куни ишланмайдиган байрам куни ҳисобланади.
Шунингдек, Президентнинг 2025 йил 24 декабрдаги фармонига мувофиқ, 2026 йил 28 ва 29 май кунлари барча ходимлар учун қўшимча дам олиш кунлари этиб белгиланган. Олти кунлик иш ҳафтасида меҳнат қиладиган ходимлар учун 30 май — шанба куни ҳам дам олиш куни сифатида белгиланди.
Ҳудудларда Қурбон ҳайитини миллий анъана ва урф-одатларга мос равишда, кўтаринки кайфиятда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди. Бу жараёнга маҳаллий ҳокимликлар, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ташкилотлар жалб этилади.
Шу билан бирга, Туризм қўмитаси ва Транспорт вазирлигига Қурбон ҳайити кунларида юртдошлар учун зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга сафарлар ташкил этиш бўйича қулай шароит яратиш вазифаси юклатилди.
Оммавий ахборот воситаларига эса байрам тадбирларини кенг ёритиш тавсия этилди. Қарор ижроси назорати Бош вазир Абдулла Арипов ҳамда Президент маслаҳатчиси Сардор Умурзаков зиммасига юклатилди.

