Ўзбекистон Президенти Бош прокуратура тизимидаги кадрлар ўзгаришлари тўғрисидаги фармонни имзолади. Бош прокурор ўринбосари — Республика Ҳарбий прокурори лавозимига Қаҳрамон Исроилов тайинланди.
У ушбу лавозимда эгаллаб турган Отабек Холбоевнинг ўрнини эгаллади. Отабек Холбоев эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Кадрлар ўзгаришлари ҳақида Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Расмий хабарда ўзгаришлар сабаблари ва Отабек Холбоевнинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот берилмаган.
Қайд этилишича, ҳар икки раҳбар ҳам аввал Ҳарбий прокуратура тизимида муҳим лавозимларда фаолият юритган. 2022 йилда Қаҳрамон Исроилов Республика Ҳарбий прокурори ўринбосари этиб тайинланган, Отабек Холбоев эса Республика Ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Бундан аввал Исроилов Навоий вилояти Ҳарбий прокуратурасига раҳбарлик қилган, Холбоев эса Тошкент шаҳар Ҳарбий прокуратурасини бошқарган.

