Ўзбекистон глобал стартап экотизимлари рейтингида тарихий натижа қайд этди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги маълум қилди.
StartupBlink халқаро тадқиқот платформаси томонидан эълон қилинган “Global Startup Ecosystem Index 2026” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 2025 йилга нисбатан 19 поғона юқорилаб, жаҳонда 79-ўринни эгаллади.
Маълум қилинишича, мамлакат бир йил ичида 227,3 фоиз ўсиш суръатини қайд этган бўлиб, бу 2026 йил рейтингидаги энг юқори кўрсаткич сифатида баҳоланган. Шу билан Ўзбекистон жаҳондаги энг тез ривожланаётган стартап экотизимларидан бири сифатида эътироф этилди.
Шунингдек, StartupBlink томонидан Ўзбекистон “Country of the Year 2026” — стартап экотизими энг жадал ривожланган давлат номига ҳам сазовор бўлди.
Сўнгги йилларда мамлакатнинг мазкур рейтингдаги ўрни изчил яхшиланиб бормоқда. Хусусан, 2023 йилда Ўзбекистон 111-ўринни эгаллаган бўлса, 2024 йилда 110-ўрин, 2025 йилда 98-ўрин ва 2026 йилда 79-ўрин қайд этилди. Натижада мамлакат уч йил ичида жами 32 поғонага юқорилади.
Ҳисоботда Марказий Осиё дунёдаги энг тез ўсувчи стартап субҳудуди сифатида қайд этилган. Ушбу ўсишнинг асосий драйверларидан бири сифатида Тошкент шаҳри алоҳида тилга олинди.
Қайд этилишича, Тошкент стартап экотизими бир йил ичида 155,7 фоиз ўсиш кўрсаткичига эришиб, минтақадаги энг тез ривожланаётган шаҳарлардан бирига айланган.
Жаҳон миқёсида Тошкент шаҳри 121 поғонага юқорилаб, дунёнинг энг яхши 300 та стартап шаҳри қаторига кирди. Самарқанд ва Фарғона шаҳарлари эса илк бор топ-1000 рейтингидан жой олди.

