2026 йил 16 май куни Туркистон шаҳрида сунъий ёмғир миқдорини ошириш лойиҳасини ишга тушириш тантанали маросими бўлиб ўтди. Қозоғистон минтақада биринчи бўлиб сунъий ёмғир технологияларини амалда қўллашга ўтган давлатга айланди.
Лойиҳа мамлакат жанубидаги қишлоқ хўжалиги ҳудудларини сув ресурслари билан таъминлаш ҳамда сув омборларининг тўлиш даражасини оширишга қаратилган. Тўлиқ кўламли амалга ошириш 2026 йил 17 май куни бошланади.
Технология қурғоқчилик ва сув танқислигининг Туркистон вилоятидаги жами 911 минг гектардан ортиқ экин майдонларига таъсирини камайтиришга мўлжалланган. Лойиҳа Абу-Даби Миллий метеорология маркази билан халқаро ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ушбу марказ 1980-йилларнинг охиридан буён об-ҳавони ўзгартириш ва сунъий ёғин ҳосил қилиш технологиялари соҳасида катта тажрибага эга.
Тадбирда Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев, БМТ Жаҳон метеорология ташкилоти президенти, Абу-Даби Миллий метеорология маркази бош директори Абдулла Ахмед Ал-Мандус, Қозоғистондаги БАА элчиси Муҳаммад Саид Муҳаммад Ал-Арйқи ҳамда Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кушеров иштирок этди.
«Қозоғистон иқлим барқарорлигининг янги тизимини шакллантиришда амалий қадам ташламоқда. Минтақада илк бор бундай кўламдаги сунъий ёғин технологиялари лойиҳаси ишга туширилмоқда. Бу биз учун илм-фан, халқаро ҳамкорлик ва рақамли технологияларга асосланган замонавий иқлим инфратузилмасини шакллантиришнинг бошланишидир. Лойиҳа етакчи халқаро экспертлар билан ҳамкорликда амалга оширилиб, технологиялар трансфери ва маҳаллий мутахассислар тайёрлаш учун асос яратади», — деди Бош вазир ўринбосари — сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев.
Халқаро баҳоларга кўра, сунъий ёмғир чақириш технологиялари табиий кўрсаткичга нисбатан ёғингарчилик миқдорини 10–20 фоизгача ошириши мумкин. Бундай технологиялар Хитой, АҚШ, БАА, Франция ва Саудия Арабистонида фаол қўлланилади.
Лойиҳа сувга эҳтиёжи юқори бўлган ҳудудларда, биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги майдонларида маҳаллий тарзда амалга оширилади. Иш ўтказиладиган зоналарни танлаш метеорология хизматлари ва тегишли давлат органлари мутахассислари билан ҳамкорликда, об-ҳаво шароитлари, экологик ҳолат ва сув таъминоти эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда амалга оширилади. Технология маҳаллий таъсирга эга бўлиб, унинг радиуси 5 километрдан ошмайди ҳамда кенг кўламли об-ҳаво ҳодисаларини шакллантириш билан боғлиқ эмас. Ишларни бажаришда халқаро амалиётда қўлланиладиган тузлар асосидаги реагентлардан фойдаланилади.
Лойиҳа амалга оширилиши қишлоқ хўжалиги ҳудудларини сув билан таъминлаш самарадорлигини ошириш, қурғоқчилик зарарини камайтириш ва ҳосилдорлик ўсишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши кутилмоқда. Потенциал иқтисодий самара йилига 35 миллиард тенгегача баҳоланмоқда.
Ҳамкорлик доирасида Абу-Даби Миллий метеорология маркази мутахассислари Туркистон вилояти мутахассисларига об-ҳавони ўзгартириш технологиялари бўйича, жумладан метеорологлар, учувчилар, муҳандислар ва соҳавий кадрлар учун ўқув дастурларини амалга оширмоқда. Шунингдек, технологияни Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кенгайтириш имконияти кўриб чиқилмоқда ва ўз иқлим технологияларини яратиш учун фундаментал асос шакллантирилмоқда.
Лойиҳани амалга оширишда Қозоғистон Республикаси Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги, Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият ва ахборот вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Экология ва табиий ресурслар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Туркистон вилояти ҳокимлиги, Фуқаро авиацияси қўмитаси, «Қазаэронавигация», «Қазгидромет» иштирок этмоқда.

