Жорий йилнинг 14 май куни Тошкент шаҳрида “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича тўртинчи форум бўлиб ўтади.
Форум ташкилотчилари — Хитой инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси (China Foundation for Human Rights Development, CFHRD) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази ҳисобланади.
Тадбирда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишлари муҳокама қилинади. Ривожланиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида қашшоқликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган лойиҳалар, экологияни муҳофаза қилиш, “яшил” ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек инсон ҳуқуқларини ривожлантиришга хизмат қилувчи рақамли интеллектуал технологияларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилади.
Муҳокамаларда Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги экспертлар, олимлар, давлат ва бизнес доиралари вакиллари иштирок этади. Жами 100 нафарга яқин иштирокчи — 40 нафар хорижий ва 60 нафар маҳаллий вакил қатнашиши кутилмоқда.
Тўртинчи форум “Юқори сифатли ривожланиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасида тараққиётни биргаликда илгари суриш” мавзусига бағишланади.
Биринчи форум 2023 йил 12 сентябрь куни Пекин шаҳрида, иккинчиси 2024 йил июнь ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида, учинчи форум эса 2024 йил июль ойида Хитойнинг Сиань шаҳрида ўтказилган эди.

