Сергей Чигодаев бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси (U-17) 2026 йил Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Осиё кубогининг иккинчи турида ўзбекистонлик футболчилар Ҳиндистон терма жамоасини 3:0 ҳисобида ишончли мағлуб этди. Голларга Лазиз Абдураимов пенальти орқали, Аҳрорбек Равшанбеков эса ўйин давомида муаллифлик қилди. Яна бир тўпни ҳиндистонлик футболчилар ўз дарвозасига киритиб қўйди.
Ушбу ғалаба орқали Ўзбекистон терма жамоаси муддатидан аввал турнир плей-офф босқичига чиқиш ва жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини таъминлади.
Мусобақа регламентига кўра, жаҳон чемпионатига гуруҳнинг энг яхши икки жамоаси йўл олади. Шу билан бирга, КХДР терма жамоаси мусобақада иштирок этишдан воз кечгани сабабли Ўзбекистон биринчи турни ўтказиб юборган эди. Ҳиндистон устидан қозонилган ғалаба Сергей Чигодаев шогирдларига мундиалга чиқишни амалда кафолатлади.
Ўзбекистон терма жамоаси навбатдаги учрашувни 13 май куни Австралияга қарши ўтказади. Австралия жамоаси ҳам Ҳиндистон устидан ғалаба қозониб, жаҳон чемпионати йўлланмасини расман таъминлаб улгурган.

