Наманган вилоятининг Косонсой туманида фожиали ҳодиса содир бўлди — 11-синф ўқувчиси бўлган 18 ёшли қиз куёвининг ҳужумидан сўнг ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси хабар қилди.
Тергов маълумотларига кўра, воқеа 6 май куни эрталаб соат 08:30 атрофида содир бўлган. 28 ёшли эркак билан қиз ўртасида рашк сабабли жанжал келиб чиққан бўлиб, низога битирув кечаси учун танланган либос сабаб бўлган.
Жанжал вақтида гумонланувчи қизга кўкрак ва қорин қисмига бир неча марта пичоқ урган, шундан сўнг воқеа жойидан қочиб кетган. Жабрланувчи шифохонага олиб борилган, аммо шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган — қиз олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи чиққан, зарур экспертизалар тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан «Қасддан одам ўлдириш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қўлга олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

