5–6 май кунлари Гонконгда “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмаси ва Ўзбекистон—Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирлар доирасида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ҳам намойиш этилди.
Туризм қўмитаси мамлакатнинг миллий стендини ташкил этиб, презентациялар, видеоконтент ва Гонконг туризм индустрияси вакиллари билан B2B-учрашувлар орқали Ўзбекистоннинг туристик йўналишларини тақдим қилди.
Форумнинг иккинчи кунида Гонконгнинг етакчи туристик компаниялари ва туроператорлари иштирокида B2B-платформа ташкил этилди. Ўзбекистон томонидан “Ayvan International Avia Tour LTD”, “Satguru Travel”, “Travel Together”, “Maroqand Travel”, “Afandi Travel” компаниялари ҳамда Қашқадарё вилояти туризм соҳаси вакиллари қатнашди.
Музокаралар якунларига кўра, туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича қарийб 20 та келишув имзоланди.
Тадбирда Ўзбекистондан 150 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этди. Ташриф дастуридан инвестициявий тақдимотлар, бизнес доиралари билан учрашувлар ҳамда мамлакатнинг экспорт ва туризм салоҳиятини кенгайтириш масалалари муҳокамаси ўрин олди.

