Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари Шерзод Умаров бошчилигида Жиззах вилоятининг Пахтакор туманига ташриф буюриб, туман ҳокими Ҳусан Абдувоҳидов билан учрашди ҳамда ҳудудда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Учрашувда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ўсимликларни зарарли организмлардан барқарор ҳимоя қилиш, фермерлар ва томорқа эгалари билим ҳамда кўникмаларини ошириш, шунингдек замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, Европа Иттифоқи молиявий кўмагида ФАО томонидан амалга оширилаётган “Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича техник ёрдам” лойиҳаси доирасида Фермерлар дала мактаблари (Farmer Field Schools)ни ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Мазкур ташаббус фермерлар ва томорқа эгаларининг ўсимликларни зарарли организмлардан интеграциялашган ҳимоя қилиш соҳасидаги салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, биологик ҳимоя воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва амалий ўқув ёндашувларини ривожлантиришни назарда тутади. Бу йўналишдаги ишлар Фарғона ва Наманган вилоятларида олиб борилмоқда, ҳозирда эса ФАО мутахассислари мазкур ташаббусни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида давом эттирмоқда.
Фермерлар дала мактаблари ташаббуси орқали ФАО ердан фойдаланувчилар ўртасида тажриба алмашинувини мустаҳкамлаш, илғор фермерлар ва томорқа эгаларини жалб қилиш, ҳудудий билим алмашинувини ривожлантириш, юқори хавфли пестицидлардан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда Ўзбекистонда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни мақсад қилган.
Муҳокамалар давомида no-till технологияси асосида мош етиштириш имкониятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, мазкур ёндашув ресурсларни тежаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалиги барқарорлигини оширишга хизмат қилади. ФАО уруғ танлаш, экиш технологияси ва етиштиришнинг тўлиқ цикли бўйича техник кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди.
Шунингдек, учрашувда тумандаги намойиш майдонларида сув ресурсларини ақлли бошқариш технологияларини жорий этиш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва фермерлар учун амалий ўқув платформаларини яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш жараёнида аёллар ва ёш фермерларнинг билим, технология ва амалий таълим имкониятларидан тенг фойдаланишини таъминлаш муҳимлигига алоҳида урғу берилди. ФАОнинг 2025 йил учун “Ўзбекистонда гендер тенглиги, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш” ҳисоботига кўра, фермер хўжаликлари учун ажратилган ер эгалари орасида аёллар улуши атиги 6 фоизни ташкил этади. Бу ҳолат қишлоқ хўжалигида инновациялар ва ресурслардан фойдаланишда гендерга сезгир ёндашув зарурлигини яна бир бор кўрсатади. Бундай ёндашув нафақат инновацион агротехнологияларни кенгайтириш, балки қишлоқ ҳудудларининг инклюзив ва барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилади.
Учрашув якунларига кўра, мазкур ташаббуслар Пахтакор туманида қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, инновацион ёндашувларни кенгайтириш ва фермерлар учун янги имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

