Осиё ва Тинч океани минтақасида рақамли трансформация иқтисодиёт ва жамиятни ўзгартириб, барқарор ривожланиш, иқлим барқарорлиги ва минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш учун янги имкониятлар очмоқда.
Сунъий интеллектдан фойдаланишга тайёр тизимларни ўз ичига олган ишончли рақамли инфратузилмани мустаҳкамлаш, алоқа стандартларини уйғунлаштириш ва трансчегаравий рақамли коридорларни ривожлантириш давлат хизматларини яхшилаш, жамоалар имкониятларини кенгайтириш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тезлаштиришга хизмат қилади.
ОТБнинг 59-йиллик йиғилишининг биринчи кунида янги технологиялар, барқарор рақамли жамоат инфратузилмаси, узлуксиз маълумотлар оқими ва рақамли хатарларни самарали бошқариш инклюзив рақамли магистралларни шакллантириш ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қандай ёрдам бериши муҳокама қилинди.
«Сўнгги вақтларда мен бу ерда яратиладиган рақамли магистрал ҳақида гапирдим. Шу боис Ўзбекистоннинг аҳамияти жуда катта, ва сизларнинг ҳамкорлигингиз биз учун муҳим. Тенгсизлик ва ижтимоий инклюзия масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз ва барча лойиҳаларимиз шу йўналишни қўллаб-қувватлайди», — деди ОТБ президенти Масато Канда ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда.
Бу ташаббус турли бизнес-лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади, улар ижтимоий ҳимояга бевосита таъсир кўрсатади ва аҳолини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг инклюзив ва барқарор ривожланишига ҳисса қўшиб, асосий мақсад — инсон ҳаёти сифатини яхшилашга қаратилган.

