Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳасини янада ривожлантиришга бағишланган тақдимот билан танишди. Унда яқин йиллар учун устувор йўналишлар ва асосий вазифалар белгиланди.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ, IT-хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш, 300 минг нафар ёш мутахассисни бандлик билан таъминлаш ҳамда БМТнинг электрон ҳукумат индексида дунёнинг топ-30 давлатлари қаторига кириш режалаштирилган.
Сўнгги беш йилда соҳа жадал ўсиш суръатларини намоён этмоқда: ялпи қўшилган қиймат ҳар йили қарийб 25 фоизга ошмоқда, ахборот технологиялари соҳасида бандлар ва ўзини ўзи банд қилганлар сони эса сезиларли даражада кўпайди. Мамлакатда ҳозирда 11,9 мингдан ортиқ IT-компания фаолият юритмоқда.
Сунъий интеллектни ривожлантириш доирасида қарийб 100 та лойиҳа ва 200 дан ортиқ пилот ташаббус амалга оширилмоқда. 24 миллион доллар қийматга эга GPU-кластердан иборат ихтисослаштирилган инфратузилма яратилди, йил якунига қадар қўшимча 45 миллион долларлик қувватларни кенгайтириш режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, транспорт, қурилиш ва саноат каби асосий тармоқларда сунъий интеллектни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, касалликларни эрта аниқлаш, ҳосилдорликни прогноз қилиш, интеллектуал транспорт тизимларини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш вазифалари белгиланган.
Шунингдек, 130 дан ортиқ давлат маълумотлар базасини тизимлаштириш ва уларни ягона рақамли муҳитга интеграция қилиш режалаштирилган. Бу бошқарув самарадорлигини ошириш ва давлат хизматлари сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Мамлакатда стартап-экотизим ҳам жадал ривожланмоқда: стартаплар сони 950 тага етган, умумий инвестициялар ҳажми эса 132 миллион долларни ташкил этган. Янги ташаббуслар жорий этилган, жумладан «President AI Award» танлови ва IT-танловлар мукофот жамғармасини кенгайтириш режалаштирилган.
Кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида «5 миллион сунъий интеллект лидерлари» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида юз минглаб инсонлар таълим олган. Мактабларда AI-синфлар ташкил этиш ва рақамли инфратузилмани модернизация қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, ҳудудларда IT Park Uzbekistan тармоғини кенгайтириш, Нурафшон шаҳрида R&D марказини ташкил этиш ва телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари рақамлаштириш ва сунъий интеллект иқтисодий ўсиш ҳамда аҳоли турмуш сифатини оширишнинг стратегик омилларига айланаётганини таъкидлаб, бу соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича тегишли топшириқлар берди.

