Қирғизистон Президенти Садир Жапаров рақамли бошқарув тизимини қайта ташкил этиш тўғрисида фармон имзолади. Унга кўра, Рақамли ривожланиш ва инновацион технологиялар вазирлиги мустақил орган сифатида тугатилиб, Президент ишлари бошқармасига қўшилади.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беришича, янги тузилма вазирликнинг ҳуқуқий ворисига айланиб, мамлакатда рақамли трансформацияни мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олади. Унинг ваколатига рақамли бошқарув, давлат ва муниципал хизматларни ривожлантириш, идентификация ва электрон имзо тизимлари, алоқа, архив иши, шунингдек сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари киради.
Ҳужжатда қайд этилишича, рақамлаштириш соҳасида муайян ютуқларга эришилганига қарамасдан, бизнес учун жиддий бюрократик тўсиқлар сақланиб қолмоқда. Шунингдек, рақамли ҳукумат тизимининг айрим таркибий қисмларида, айниқса ҳудудий даражада камчиликлар аниқланган.
Фармон кадрлар ўзгаришларини ҳам назарда тутади: вазирлик ходимлари янги тузилмага қайта тайинланади. Шу билан бирга, давлат органларида рақамли ривожланиш бўйича раҳбар ўринбосарлари лавозимларини қисқартириш режалаштирилган (Қирғизистон Ички ишлар вазирлигидан ташқари). Бўшаган ресурслар Президент ишлари бошқармасига йўналтирилади.
Бундан ташқари, давлат органлари ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш, телекоммуникация соҳасида рақобатни ривожлантириш, рақамли инфратузилманинг барқарорлигини ошириш ва киберхавфсизликни таъминлаш чоралари кўзда тутилган.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси бир ой ичида парламент — Жогорку Кенешга тегишли қонун лойиҳаларини киритиши ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янги қарорларга мувофиқлаштириши лозим.

