Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов Покистон ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди. Музокараларда, шунингдек, Habib Rafiq Ltd. (HRL Group) компаниясининг ижрочи директори Абид Чима бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.
Учрашувнинг асосий мавзуси туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш, шунингдек тажриба алмашиш ва Покистоннинг етакчи компаниялари фаолияти билан танишишдан иборат бўлди.
Музокаралар давомида томонлар бир қатор устувор йўналишларни кўриб чиқдилар. Хусусан, саргузашт (adventure) туризмини ривожлантириш, икки мамлакат туроператорлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек Ўзбекистонда Бангладеш ва Ҳиндистонни ҳам ўз ичига олган ҳолда минтақа давлатлари иштирокида халқаро спорт тадбирларини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Алоҳида эътибор зиёрат туризмини ривожлантириш, медиа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек Покистон сармоясини жалб қилган ҳолда замонавий меҳмонхоналар ва кўнгилочар мажмуалар қуришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилди.
Учрашув якунида томонлар шерикликни фаоллаштириш ва туризм соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

