21 апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесусни қабул қилди.
Учрашув давомида миллий соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда ЖССТ билан ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Соҳадаги тизимли ислоҳотлар ташкилотнинг фаол эксперт кўмаги, халқаро стандартлар ва тавсиялар асосида амалга оширилмоқда.
Ҳамкорлик доирасида соғлиқни сақлашни ривожлантиришга қаратилган қатор стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Мамлакатда малакали тиббиёт кадрлари тайёрланмоқда, бирламчи тиббий-санитария ёрдами, ташхис ва касалликларни олдини олиш тизимлари такомиллаштирилмоқда, давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилмоқда.
ЖССТ раҳбари амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, аҳолига тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгайганини, ўртача умр кўриш давомийлиги ошганини, оналар ўлими даражаси камайганини, шунингдек рақамли тиббиёт ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича келишувларга эришилди. Устувор йўналишлар сифатида фармацевтика соҳасини тартибга солишни такомиллаштириш, соғлиқни сақлашга рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, шунингдек қўшма илмий тадқиқотлар ва соҳавий тадбирларни ўтказиш белгиланди.

