Фарғона вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси А. Аккулов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳининг иш ташрифи доирасида ўтказилди.





Ташриф Ўзбекистон Республикаси Президенти Маъмурияти раҳбарининг топшириғига мувофиқ, минтақалардаги туризм соҳаси вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, истиқболли лойиҳаларни аниқлаш ва улар асосида амалий минтақавий дастурларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда вилоят ҳокимияти, тегишли идоралар ва ташкилотлар вакиллари, шунингдек, туризм соҳасида фаолият юритаётган 45 дан зиёд маҳаллий тадбиркорлар иштирок этди. Улар орасида туроператорлар, меҳмонхона эгалари, умумий овқатланиш корхоналари, транспорт хизматлари кўрсатувчи компаниялар, шунингдек, дам олиш масканлари ва маданий муассасалар раҳбарлари бор эди.






Учрашув давомида 2025 йилда туризм соҳасида амалга оширилган лойиҳалар, эришилган натижалар ва Фарғона вилоятидаги соҳанинг ҳозирги ҳолати ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Шунингдек, иштирокчилар 2026–2027 йилларга мўлжалланган устувор ривожланиш йўналишларини муҳокама қилди. Булар орасида туристик инфратузилмани такомиллаштириш, янги туристик маҳсулотлар ва маршрутлар яратиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва мазкур соҳада хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари кирди.
Мулоқот якунида тадбиркорлар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар асосида минтақада туризмни янада ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ мақсадли режалар ва таклифлар шакллантирилди.






Белгиланган ташаббусларнинг изчил амалга оширилиши Фарғона вилоятининг туристик жозибадорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий аҳоли даромадларини кўпайтириш имконини беради, деб кутилмоқда.

