Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида бўлиб ўтган дунёнинг энг нуфузли шахмат мусобақаларидан бири Tata Steel Chess 2026 турнирида ғалаба қозонди. У 13 партиядан 9 очко тўплаб, ушбу мусобақада илк бор чемпион унвонини қўлга киритди.
1 февраль куни бўлиб ўтган ҳал қилувчи турда Абдусатторов ҳиндистонлик гроссмейстер Арджун Эригайсини мағлуб этиб, мусобақани ягона пешқадам сифатида якунлади. Шу билан у тўртинчи уринишда Tata Steel Chess турнири ғолиблигига эришди. Илгариги иштирокларида у 2023 йилда иккинчи, 2024 ва 2025 йилларда эса учинчи ўринларни эгаллаган эди.
Мусобақада иккинчи ўринни яна бир ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров 8,5 очко билан қўлга киритди. У турнир давомида бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган ягона иштирокчи сифатида эътироф этилди.
Турнир якунларига кўра, Нодирбек Абдусатторов жаҳоннинг онлайн рейтингда яна бешинчи ўринга кўтарилди. Жавоҳир Синдаров эса илк бор 11-ўринни эгаллаб, фаолиятидаги энг юқори натижани қайд этди.

