Наманганда ичида икки нафар ҳайдовчи ва фельдшер бўлган тез ёрдам машинаси ЙТҲга учради. Бу ҳақда вилоят ССБ хабар бермоқда.
2023 йил 26 ноябрь куни Чортоқ туман тез тиббий ёрдам Алихон шохобчаси ҳайдовчиси 1988 йил туғилган А. Н. навбатчиликни қабул қилгандан сўнг, фельдшер Х.Т. билан бирга дори-дармон олиш учун Алихондан Чортоқ туман тез тиббий ёрдам марказига йўл олган.
Маълумотга кўра, ҳайдовчи пастки Қорабоғ қишлоғидан ўтиб келаётган вақтда олдинда ҳаракатланиб келаётган Damas тўсатдан тўхтаб олган. «103» хизмати ҳайдовчиси ЙТҲни олдини олиш мақсадида қарама-қарши йўналишга чиқиб юборган. Бунинг оқибатида, Cobalt билан тўқнашув содир бўлган.
Натижада, ҳаракатни бошқариб келаётган ҳайдовчи А.Н. оғир тан жароҳати олган. У ёнида ўтириб келган ҳайдовчи шериги С.И. билан биргаликда Чортоқ туман тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб келинган. Шифохонада ҳайдовчи А.Н. вафот этган. Иккинчи ҳайдовчи С.И. “бош мия ёпиқ шикасти, пешона соҳаси шилиниб-йиртилган жароҳати” билан шифохонага ётқизилган, ҳозирда ҳолати қониқарли. Фельдшер Х.Т. ҳеч қандай тан жароҳати олмаган.
«Юқорида ҳолат юзасидан шуни маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, санитар машина техник ҳолат соз бўлганлиги, бу бахтсиз тасодифий ЙТҲ эканлигини маълум қилади», — дейилади хабарда.