Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати томонидан жорий йилнинг май-июнь ойларида 15 та тижорат банкининг Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида жойлашган 74 та муассасасида банк хизматлари қонунчиликка мувофиқ кўрсатилишига доир навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилди.
Ўрганишлар натижасида тижорат банклари муассасалари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда қатор қоидабузарлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.
Жумладан, кредит ва омонат хизматлари ҳақида маълумотлар, шу билан бирга, кредит ва муддатли омонатларнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақалари тақдим этилмаганлиги, шунингдек, банк карталари эгаларига айрим молиявий операциялар ўтказишда имкон яратиб берилмаганлиги ҳолатлари кузатилган.
Аниқланган қоидабузарликлар бўйича Ипотека-банк, Агробанк, Микрокредитбанк, Халқ банки, Туронбанк, Трастбанк, Капиталбанк, Миллий банк, Ҳамкорбанк, Асака банк, Универсалбанк, Даврбанк ва Ипак йўли банкига банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш ҳамда бундай ҳолатлар келгусида такрорланмаслиги юзасидан чоралар кўрилиши тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юборилган.
Шунингдек, тижорат банклари томонидан қоидабузарликларни йўл қўйилишига сабабчи бўлган 101 нафар банк ходимларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ интизомий жазо чоралари қўлланилган.