Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Избоскан тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Н.Ш. 4 нафар фуқарони танишлари ёрдамида Андижон шаҳридаги “Абу Али ибн Сино” номидаги Жамоат саломатлиги техникумига ўқишга киритиб қўйиш эвазига жами 2 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Вобкент туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро У.А. бошқа бир фуқаро У.нинг ишончига кириб, Бухоро шаҳридаги Тиббиёт техникумига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Департаментнинг Пастдарғом туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Пастдарғом педагогика коллежида бўлим бошлиғи лавозимда ишловчи А.У. фуқаро Ф.га ўзини ушбу коллеж директори ўринбосари деб таништириб, унинг синглисини коллежнинг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.