Ҳукумат қарори (17-сон, 11.01.2022 й.) билан Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тақдиқланди.
Низом техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали ОТМнинг 2-босқичидан ўқишини давом эттириш учун қабул қилиш тартибини белгилайди.
Ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилиб, тўлов миқдори бир талабани ўқитиш билан боғлиқ харажатлар миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.
Техникумни муваффақиятли тамомлаганлар тоифасига техникумдаги бутун ўқиш даврида ўқув семестрлари якунига кўра ўзлаштириш баҳолари “5 (аъло)” ва “4 (яхши)”, бироқ ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи (тиббиёт олий таълим муассасалари учун камида 85 фоизи) “5 (аъло)” бўлган битирувчилар киради.
Низомга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан битирувчиларни ОТМ бакалавриат таълим йўналишига кириш имтиҳонларисиз, суҳбат орқали қабул қилиш тартиби техникумни тамомлаган йилдан бошлаб икки йил мобайнида татбиқ этилади.
Битирувчилар ҳар йили 5 июлдан 25 июлгача Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтади.
Битирувчиларнинг тизимга юкланган ҳужжатлари ҳар йили 5 августгача ўрганиб чиқилади ва натижалар бўйича абитуриентларнинг шахсий кабинети орқали уларга хабар берилади.
Суҳбат жараёни тўлиқ видеокузатув остида ўтказилади ва жараён ота-оналар, кузатувчилар учун ажратилган алоҳида кутиш жойига овозли тарзда онлайн трансляция қилиб борилади.
Суҳбат жараёни ҳар йили 10 августдан 25 августгача, ОТМ томонидан белгиланган муддатда ўтказилади.
Суҳбат ўтказиш муддатлари суҳбат жараёнлари бошланишидан камида бир ҳафта олдин ОТМнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Суҳбат жараёнига жамоатчилик вакиллари ҳам холис кузатувчи сифатида жалб этилиши мумкин.
Белгиланган муддатларда суҳбатга келмаган битирувчиларга шу ўқув йили учун қайта суҳбат ўтказилмайди.
Ўртача 67 ва ундан юқори балл олган абитуриент суҳбатдан ўтган ҳисобланади.
Суҳбатдан ўтганлар рўйхати шу куннинг ўзида абитуриентларга ўқиб эшиттирилади.
Талабаликка тавсия этилганлар шартнома тўлови амалга оширилгандан сўнг 10 кун муддатда ўқишга қабул қилинади.
Ушбу Низом олий ҳарбий, олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Тошкент давлат юридик университетига, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.