Ромитан тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан берилган маълумотга кўра, 2021 йилнинг 21 июнь куни соат 20:00 дан 22 июнь куни соат 06:00 га қадар бўлган вақт оралиғида, номаълум шахс Хитой Халқ Республикаси фуқароси 1976 йилда туғилган W.B. раҳбарлик қилиб келаётган Қоқиштувон қишлоғида жойлашган Хитойнинг йўл қурилиш корхонаси идораси жойлашган бинога ғайриқонуний равишда кириб, у ердан сейф ва ушбу сейф ичида бўлган 60.000 АҚШ долари, 20.000 Хитой ЮАНи ва 56 миллион сўм пулларни ўғирлаб, ҳодиса жойидан номаълум томонга яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан келиб тушган хабар асосида, зудлик билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Мансур Қодиров ҳамда тергов бўйича ўринбосар полковник Оқил Ҳасановлар раҳбарлигида, ички ишлар бошқармаси ҳамда туман Ички ишлар бўлими ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, кечиктириб бўлмас суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари ўтказилиши натижасида жиноят иссиқ изида фош этилди.
Ушбу жиноятни Ромитан тумани Қоқиштувон маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган П.С. ва унинг маҳалладоши 1974 йилда туғилган Х.У. лар бир гуруҳ бўлиб, олдиндан жиноий тил бириктириб содир этганликлари аниқланиб, гумон қилинувчилардан ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди ва жабрланувчи W.B. раҳбарлик қилиб келаётган Хитой халқ республикасининг йўл қурилиш корхонасига етказилган моддий зарар тўлиқ қопланди.
Ҳозирда гумон қилинувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.