Фарғона вилояти Қўқон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 24.850 АҚШ долларни сотаётган фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми “а” банди (Қалбаки пуллар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, 2021 йил 31 март куни вилоят ИИБ ЖҚБ ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-тадбирда, 42 ёшли Козим А., 36 ёшли Шавкатбек А., ва 48 ёшли Абдувохид Ф.,лар 24 850 АҚШ доллар қийматига тенг сохта пулларни шартли равишда мижоз сифатида жалб қилинган фуқарога Қўқон шаҳрида жойлашган “Замин” чойхонасида 10 000 АҚШ долларга сотаётган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, ушбу фуқаролар 24 850 АҚШ доллар қийматига тенг сохта пулларни полиграфик усулда нусха кўчириб кўпайтирувчи рангли принтер ёрдамида тайёрлаганликлари аниқланди.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.