Қўқон шаҳрида аҳоли томонидан чиқинди ташланаётган марказий кўчаларга видеокамералар ўрнатилди. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан видеокузатув камералари материаллари асосида белгиланмаган жойга чиқинди ташлаган фуқароларни жаримага тортиш тартиби жорий этилмоқда. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан шу йилнинг 26 февраль куни олиб борилган тунги рейд давомида 11 нафар фуқароларга жарима ҳужжатлари расмийлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 январдан бошлаб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилиши маълум қилинганди.
Шунингдек, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ташлаганлик учун жарималар миқдори оширилганди.