28.3 C
Узбекистан
Пятница, 19 апреля, 2024

Матбуот котиби кимнинг адвокати?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,240участниковПодписаться
- Advertisement -

Ҳокимият тизими, оммавий ахборот воситалари ва жамият ўртасидаги ўзаро алоқани амалга ошириш учун, улар ўртасида кўприк вазифасини бажариш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларида ахборот хизматлари ташкил этилди. Матбуот котиби нима бўлганда ҳам раҳбарини ҳимоя қилиш мақсадида ҳақиқатга қарши бориши керакми ёки жамият манфаатини кўзлаб, тўғри ахборот тарқатиши ва бу билан оммага ён босиши керакми?

Бундан бир неча йил аввал давлат ҳокимияти ва бошқарув органларидан, корхона, ташкилотлардан вақтида керакли ахборотни олиш анча мураккаб эди. Бу кўп ҳолларда раҳбарнинг қовоғига, кайфиятига, журналист билан ишлай олиш қобилиятига ва яна бир қатор омилларга боғлиқ эди. Эндиликда аҳвол ўзгарди. Давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик идора, муассаса ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларинингахборот хизматлари ташкил этилди ва аксарият ҳолларда уларга профессионал журналист раҳбар этиб тайинланди.

Тараққий этган мамлакатларда бўлгани каби бизда ҳам матбуот котиблари, пиар менежерлар, политтехнологларга эҳтиёж борган сари ортиб боришини кутиш мумкин. Чунки ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлат ўз сиёсатини амалга оширишда жамият билан алоқа ўрнатишга интилиши ва бунинг учун  жамоатчиликка очиқ ва тўғри ахборот етказиши лозим. 

Давлат органлари ва ташкилотларининг ўз матбуот хизмати олдига қўйган талаби билан   журналистларнинг ушбу хизматдан нимани кутаётгани бир биридан фарқ қилади. Идоралар  уларнинг имижини, обрў-эътиборини кўтаришга хизмат қиладиган ахборотни тарқалишини хоҳлайди. Журналистга эса жамият манфаатига хизмат қилувчи, ўқувчи (томошабин, тингловчи, фойдаланувчи)га қизиқиш уйғотадиган ахборот лозим.

Матбуот хизматининг фаолияти давлат ва жамият ўртасида ўзаро ишончга асосланган муносабатлар ўрнатилиши томон йўналтирилган бўлмоғи даркор. Мамлакатда демократик тамойиллар жорий этиб борилиши, демократик институтлар ривожланиши жамоатчиликнинг хайрхоҳлиги, қўллаб-қувватлаши  ва иштирокисиз ижобий натижа бермайди.

Давлат ҳокимиятининг тўлақонли коммуникацияни йўлга қўйишида фақат ахборот узатиш воситаларидан фойдаланиши камлик қилади. Бунинг учун ҳокимият жамоатчилик билан икки томонлама алоқа тизимидан ҳам фойдаланиб, аҳолига ўз қарорларининг моҳиятини тушунтириши, турли ижтимоий гуруҳларнинг талабу истакларини ўрганиши ва улар фикрини инобатга олиши зурур. Бу вазифани айнан матбуот хизмати бажаради ва  ҳукумат сиёсати аҳолига қандай таъсир қилишини тушунтириб боради. Бу эса одамларга онгли ҳаракат қилишга имкон яратади. Акс ҳолда, аҳоли ҳокимият тизимидан бегоналашиб, узоқлашади, ҳукумат қарорларига ишончсизлик кучаяди.

2002 йилда америкалик мутахассис, матбуот хизмати ҳақида монография муаллифи Маргарет Салливан Самарқандда семинар-тренинг ўтказган эди. У ўшанда, ҳукумат фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситаларини ҳар куни ахборот билан таъминлайдиган канал бу матбуот хизмати эканлигини бот-бот такрорлаган эди. М.Салливаннинг яна бир қараши диққатга сазовор. У “матбуот котиби адвокатми?” деган саволга “ҳа” деб жавоб беради ва матбуот хизматининг икки хил вазифаси мавжудлигини қайд этади. Бир томондан, матбуот хизмати ОАВга нисбатан ўз муносабатида ҳукумат адвокати  сифатида чиқиб, ҳукумат фаолиятининг ижобий жиҳатларини тарғиб қилади, хато ахборотни тузатади, жамоатчиликка мавжуд ахборотни тушуниб “ҳазм қилиши”га кўмаклашади. Иккинчидан, матбуот хизмати ҳукумат олдида ОАВ адвокати сифатида чиқиб, унга журналистларнинг сўровларини етказади.

Матбуот хизматини ичидан кузатган ва фаолиятини ўрганган америкалик мутахассис унинг давлат ва жамият ўртасида туриб, холислик билан ҳаракат қилиши лозимлигини уқтирмоқда. Демак, матбуот хизмати ходимлари иш берувчиси ҳақ ёки ноҳақ бўлишига қарамасдан, доимо унга ён босмасдан, бетараф бўлмоғи керак экан.

Бу борада бизда аҳвол қандай? Бу ҳақда кўп гапиришга ҳожат бўлмаса керак. Чунки шу кеча-кундуздаги вазиятдан деярли ҳаммамиз хабардормиз.

2019 йилнинг 27 июнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарор ахборот хизматларининг оёққа туриши ва кенг фаолият юритиши учун муҳим қонуний асос сифатида катта аҳамият касб этди.

Қарорда ахборот хизматларининг вазифаси аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Жумладан, “давлат органлари ва ташкилотларининг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш” ҳамда “маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш учун хабар, маълумот, шарҳ ва бошқа ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш” ана шундай вазифалар сирасига киритилган.

Лекин бизда кўп ҳолларда матбуот хизмати ўз идораси адвокати ролини бажаришга интилади. Бунга мисоллар қалашиб ётибди. Вилоятлардан бирида ҳокимлик матбуот хизмати бошлиғи ва айни пайтда вилоят газетаси бош муҳаррири ҳамда журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари вазифаларида ишлаётган акахонимизнинг “қовун туширганлари” ҳақида қанча гап-сўзлар бўлган эди!

Вилоят ҳокимликлари матбуот хизматларида тўрт-беш нафар пофессионал журналистлардан иборат матбуот хизмати ташкил этилди. Улар учун қимматбаҳо замонавий техника воситалари харид қилинди. Эшитишимча, ходимларга яхшигина маош ҳам белгиланган. Бунинг ёмон жойи йўқ. Чунки энди матубот хизматининг ОАВни тезкор ахборот билан таъминлаш имконияти бир неча баробарга ортади. Бу эса жуда зўр иш  ва у  юқоридаги қарор руҳида бўлганлигини,  журналистларга керакли маълумот етказишни осонлаштиришини таъкидлаш жоиз.

Аммо матбуот хизмати ахборот етказиш билан бирга, ўзи журналистик материал тайёрлаб, турли ахборот воситалари орқали тарқатмоқда. Ҳокимликлар ва вазирликлар ахборот хизматлари тайёрлаган материалларни борича кенг оммага тарқатиш демократик мамлакатларда қабул қилинган тартиб ва тамойилларга зиддир. Масалан, АҚШда давлат газетаси ёки бошқа оммавий ахборот воситаси йўқ. Конгресс маблағ билан таъминлайдиган танҳо “Америк овози” радиоси бор ва у фақат хорижга ахборот тарқатади.

АҚШ ва бошқа мамлакатларда давлатдан молиялаштириладиган ахборот воситаси ҳамда бюжет ҳисобидан маош оладиган журналист ҳеч қачон холис ва бетараф бўла олмайди деган ақидага амал қилишади. Биз ҳам ҳокимликларнинг ахборот хизматлари маълумотлари биртомонлама бўлиши ва ҳокимларнинг пиар воситаси сифатида хизмат қилишидан ўзимизни асрашимиз лозим.

Фақат бу эмас. Аслида, журналист фақат пресс-релиз ва матбуот анжумалари ёки брифингда келтирилган ахборотга таяниб, хабар ёзишини тўғри деб бўлмайди. Бундай хабарни тўлақонли ва бетарафлик позициясида туриб ёзилган деб айтиш мумкин эмас. У  танҳо ўша давлат органи ёки идоранинг манфаатига хизмат қилиши мумкин.  

Бизда аксарият матбуот хизмати раҳбарлари ўзи ишлаётган ташкилотга нисбатан билдирилган тўғри танқидни қабул қимасдан, қандай бўлмаса ҳам, ҳеч қандай далилсиз мақоладаги фактларга асосли фикр билдириш ўрнига унинг муаллифини танқид қилишга ўтиб кетади. Бу ҳақда сўз юритган журналист Абдуғофир Шерхолов тўғри таъкидлаганидек, “Ахборот хизматлари масала қолиб кетиб, уни бир амаллаб ёпиш билан овора… “Бартараф этилди”, “барҳам топди” дейиш билан ҳеч нарса ўзгармайди”. Бундай вазиятда ахборот хизмати жамият манфаатидан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситалари адвокати эмас, ўз иш берувчисининг адвокати сифатида майдонга чиқади.

Ўйлаймизки, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари матбуот хизматлари ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасидан кенг фойдланган ҳолда давлатнинг жамият билан алоқа ўрнатишида воситачи, кўприк вазифасини бажараётган оммавий ахборот воситаларини тезкор, аниқ ва холис ахборот билан таъминлаш йўлида янда самаралироқ фаолият юргизади.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Муаллиф туширган сурат

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Президентлар Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси янги биносини тантанали равишда очдилар

Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида мамлакатимизнинг Душанбе шаҳридаги элчихонаси янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари рамзий...

Больше похожих статей

×