Канаданинг Ўзбекистондаги элчиси Элисон Леклер дипломатик миссиясини якунламоқда. Бу ҳақда 3 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.
Саидов Элисон Леклерга икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдаги роли учун миннатдорчилик билдирган.
“Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётган Канада Элчиси Элисон Леклер хоним билан учрашдик. Энергетикадан тортиб таълимгача бўлган кўплаб соҳалардаги икки томонлама муносабатларимиз улкан салоҳиятга эга эканини алоҳида таъкидладик. Ўтган йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Элчи хонимга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз ва келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз”,– дейди Бахтиёр Саидов.
Маълумот учун, Леклер хоним Канаданинг Ўзбекистондаги элчихонасини 2021 йилдан буён бошқариб келмоқда.