Айни кунларда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.
Сайловолди дастурида ҳуқуққий давлат қуриш, ижтимоий адолатни ва миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасини барқарор ривожлантириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир таклифларини илгари сураётган партия номзоднинг водийлик сайловчилар билан учрашувлари Андижон вилоятидан бошланди.

Шаҳрихон туманида ташкил этилган учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб, учрашувда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг бош ишончли вакили Иномжон Қудратов томонидан тадбир иштирокчиларига номзод ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг Президентликка номзод Робахон Махмудова сайловчилар билан юзлашиб, мамлакат ривожи, фуқаролар фаровонлиги йўлида амалга оширишга қаратилган ғоя ва мақсадлари акс этган Сайловолди дастури, унда илгари сурилаётган устувор йўналишлар билан иштирокчиларни яқиндан таништирди.


Тадбир якунида Президентликка номзод Робахон Махмудова сайловчиларнинг саволларига батафсил жавоб берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан учрашувлари давом этади.