Юртимизда сўнги йилларда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш учун давлат томонидан зарур бўлган барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Бундай қулайликлардан фойдаланган кўпчилик юртдошларимиз ўз бизнесини йўлга қўйиб, янги иш ўринларини яратишмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йилдан бошлаб анъана сифатида мамлакатимиздаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказила бошланди. Натижада ҳар йили 20 августни юртимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилинди.
Яна бир муҳим жиҳати мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар Бош қонуннинг 67-моддасида тегишли нормалари орқали мустаҳкамланиши таклиф этилмоқда.
Бу эса келажакда тадбиркорликни маъмурий ва бошқарув жиҳатдан назорат қилишнинг кескин қисқаришига, соф рақобатчилик амалиётини ривожланишига, мулкдорлар кенг қатламини шаклланишига ҳамда монополистик ҳаракатларни чекланишига олиб келади.
Сўнгги олти йилда юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бунинг натижасида тадбиркорлик соҳасида талаб этиладиган 114 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, 33 турдаги лицензия ва рухсатнома ўрнига хабардор этиш тартиби жорий этилди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Солиқ текширувлари тури 13 тадан 3 тага қисқартирилди. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 12 фоизга камайтирилди. Ижтимоий солиқ ставкаси 25 фоиздан 12 фоизга туширилди. 3,5 минг турдаги товарлар учун импорт божхона божи ва 1,1 минг турдаги товарлар учун аксиз солиғи бекор қилинди. 3 мингдан зиёд турдаги товарлар учун импорт божхона божлари кескин камайтирилди.
2022 йил маълумотларига кўра, республикада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субектлари таркибида масъулияти чекланган жамиятлар улуши 54,2 фоизни, фермер хўжаликлари 18,1 фоизни, хусусий корхоналар 15,3 фоизни, оилавий корхоналар 9,4 фоизни, деҳқон хўжаликлари 1,9 фоизни, бошқа шаклдаги субектлар улуши 1,1 фоизни ташкил этади.
2017 йилда тадбиркорлик субектлари сони 283 мингдан ортиқни ташкил этган. Тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида сўнгги 6 йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бу кўрсаткич 2022 йил якунига келиб 523 мингтадан ортиб кетди ёки 2017 йилдагига нисбатан 240 мингтага ёки 1,8 маротабага ортган.
Ўзбекистонда 2022 йил якунлари бўйича ҳар 1000 кишига тўғри келадиган тадбиркорлар сони ўртача 15 нафарни ташкил этади. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 36,8 нафарни, Навоий вилоятида 21,9 нафарни, Сирдарёда вилоятида 18,1 нафарни, Сурхондарё вилоятида 10,3 нафарни, Қашқадарё вилоятида 10,6 нафарни, Наманган вилоятида 11,4 нафарни ташкил этган. 2022 йил якунига келиб, кичик ва хусусий тадбиркорликнинг ЯИМ даги улуши 54,9 фоизга, қурилишда 72,4 фоизга ва бандлик соҳасида 74,4 фоизга етди. Бироқ мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасида амалга ошириладиган бир қанча мақсад ва вазифаларимиз бор. Жумладан, 2026 йилга бориб экспортимиз ҳажмини 19 млрд. АҚШ долларидан 30 млрд. АҚШ долларига етказиш, иқтисодиётимизга 120 млрд. АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилиш, шундан 70 млрд. АҚШ доллари хорижий инвестиция эканлиги ёки камбағаллик даражасини 2 баробарга камайтириш режалаштирилган. Шунинг учун янги таҳрирдаги Конституциянинг 67-моддасига давлат томонидан қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш ҳамда монополистик фаолият қонун билан тартибга солиниши ва чекланиши кафолатланиши тўғрисида янги нормалар киритилмоқда.

Демак, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти кафолатлари Конституциянинг 67 моддасига киритилаётган тегишли нормалари орқали мустаҳкамланиши келажакда бизнесни маъмурий ва бошқарув жиҳатидан назорат қилишнинг кескин қисқаришига, соф рақобатчилик амалиётини ривожланишига, мулкдорлар кенг қатламининг шаклланишига ҳамда монополистик ҳаракатларнинг чекланишига олиб келади. Чунки мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари фаолияти, биринчи навбатда, ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланишига ҳамда молиявий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қуввватлашга муҳтож.
Нодирбек Расулов
Иқтисодиёт фанлари доктори, доцент