Юртимизда баҳор фасли авжида. Дарахту буталар яшил либосларини кийиб, қийғос гулламоқдалар. Деҳқонлар барака уруғини сепиш билан, чорвадорлар яйловларда молларини кўм-кўк ўт-ўлан билан боқиш билан банд. Шаҳару қишлоқларимизда бунёдкорлик ишлари кенг кўламларда олиб борилмоқда.
Бу йилги баҳор, яна қомусий қонунимиз бўлмиш янгиланган Конституциямиз бўйича референдумга тайёргарлик қизғин паллага киргани билан, тарихий аҳамиятга моликдир. Чунки унда юртимизнинг бугунги куни ва келажаги, халқимизнинг тараққиёт чўққиларига дадил қадам ташлашию тинч ҳамда фаровон ҳаёти билан боғлиқ тақдиршумул масалалар ҳал этилади. Референдумнинг кўтаринки руҳда, байрамона тарзда ва самарали ўтишига шубҳа йўқ. Зеро, янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниши ташаббускори Президентимиз, унинг асосий ижодкори ва ижрочиси кўпмилионлик халқимиздир. Конституциямизнинг янги лойиҳасини тайёрлаш билан ишлашда, ҳеч муболағасиз, миллионлаб фуқароларнинг иштирок этгани, муҳокамаларда 220 мингтадан зиёд таклифлар келиб тушгани фикримизни тасдиқлайди.
Бу нимадан дарак беради? Бу халқимиз референдумда унинг тақдири, Ватанимиз истиқболи, фарзандларининг келажаги ҳал бўлишини англаганидан, Конституциянинг ҳар бир моддаси, ҳар бир нормасининг амал қилиниши ҳар биримизга боғлиқ эканини идрок этганлигини кўрсатади.
Янгиланаётган Конституциямизнинг ҳар бир қоидаси мисолида унинг халқчил, инсонпарвар ҳужжат бўлишини исботлаш мумкин. Чунончи, Ўзбекистонда ижтимоий давлат “инсон – жамият – давлат “ тамойили асосида бунёд этилишининг Конституцияда муҳрланиши Асосий Қонунимизнинг қанчалик муҳим ва нақадар қадрли эканини исботлайди.
Ушбу орзумиз ушалармикан? Ахир биз, ёши катталар яқин ўтмишда шўролар давлатида йигирма йил ичида “Коммунизмнинг моддий-техник базасини қурамиз”, “Уй-жой қурилиши дастурини амалга оширамиз”, “Гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқаришда Америкадан ўзиб кетамиз!” каби жарангли, аммо пуч шиору дастурларни кўп кўрганмиз-да. Уларнинг аксарияти қоғозда қолиб кетгани ҳақиқатдир. Аммо у замонлар ўтиб кетди. Мустақил Ўзбекистонда, айниқса кейинги 5-6 йилда давлат ўз фуқаролари томонига юз ўгириб, камбағалликни қисқартириш, шаҳару қишлоқ, маҳаллаларни обод қилиш, ишсизларга ҳунар ўргатиб, доимий иш билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий муаммолар астойдил ҳал этилмоқда.
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошлиқ давлатимиз раҳбариятининг ташаббусу тизимли саъй-ҳаракатлари натижасида кўпмиллатли халқимизнинг барча қатламлари – ёшлар, хотин-қизлар, фахрийлар, ногиронларга эътибор ва ғамхўрлик мисли кўрилмаган даражада ортиб бормоқда. Буни кекса авлодга нисбатан давлат сиёсатида ҳам яққол кўриш мумкин. Чунончи, жорий йилнинг 11 март куни республикамиз Президенти “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаолиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Республикамизнинг кўпммиллионли фахрийлари, шу жумладан биз ҳам, уни қувонч билан кутиб олдилар. Зеро, биз уни давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мантиқий давоми ва ривожланиши, деб биламиз. Ушбу ҳужжатда, биринчидан, ўзини-ўзи бошқарувчи ва мустақил фаолият кўрсатувчи ноҳукумат жамоат бирлашмаси “Нуроний” жамғармасининг жамиятимиздаги мавқеи тикланди. Республика Ҳукуматининг раиси ва ҳокимлар ташкилотларимиз васийлик кенгашларининг раиси этиб белгиланиши, унинг обрўсини оширди, албатта. Иккинчидан, фахрийлар билан ишлашнинг асосий оғирлиги елкаларида бўлган жамғарманинг жойлар (шаҳар, туманлар)даги бўлинмаларининг икониятларини кенгайтириш учун доимий ишлайдиган ходимларга эга бўлишларига рухсат бериш, уларнинг фаоллигини ошириши шубҳасиз. Президент қарорида, шунингдек, жамғарманинг моддий базасини мустаҳкамлаш мақсадида “Нуронийлар масканлари”ни ташкил этишни охирига етказиш вазифасининг тегишли ташкилотлар олдига қўйилиши ҳам катта аҳамиятга эга. Хуллас, ушбу қарорда фахрийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини оширишнинг барча томонлари қамраб олинган. Унинг қоғозда қолиб кетмаслигига, тўла-тўкис амалга ошишига ишончимиз комил. Зеро, ҳозирнинг ўзида унинг бажарилаётганини кўрмоқдамиз. Фармон остига қўйилган имзони сиёҳи қуримасдан Президентимизнинг пенсия ва нафақаларни навбатдаги оширилиши тўғрисидаги қарори бизда сўз билан амал бирлигидан далолат беради.
Ўзбекистон раҳбари мазкур қарорининг албатта бажарилишига ҳам, фахрийларнинг бу хайрли ишда фаол иштирок этишларидан ҳам кўнглимиз тўқ.
Собир Қурбонов,
Абдусамад Исоқов,
Носир Тоиров,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзолари,
меҳнат фахрийлари