БЎЗСУВ – Чирчиқ дарёсининг ўнг соҳилидаги магистрал канал, Тошкент ва унинг теварак-атрофларини суғорувчи бош ариқ. Бўзсув икки жойдан: Бўзсув – Зах магистралидан ҳамда Чирчиқ шаҳри Бўзсувбоши маҳалласи яқинида Чирчиқ дарёсидан сув олиб, Чиноз шаҳри ёнида Сирдарёга қуйилади. Умумий узунлиги 158 км. Сув сарфи бош қисмида 310 м3/с, 10-ГЭСдан қуйи қисмида 110 м3/с (шу ердан қуйилиш қисмигача узунлиги 138 км).
Канал шаҳар доирасида Юнусобод, Шайхонтоҳур ва Учтепа туманлари ҳудудидан оқади. Тошкент автомобиль ҳалқа йўлини кесиб, Ботаника боғининг шимоли-ғарбий томонидан ўтади, ғарбий йўналишда Тошкент – Москва темир йўлини, Амир Темур кўчасини кесиб, «Ўзэкспомарказ» дам олиш зонасини айланиб, Кичик ҳалқа йўли орқали ўтади (шу ерда Бўзсувдан ўнгга қараб Кайковус канали бошланади). Шундан кейин Бўзсув жанубий йўналишда оқиб, Хуршид, Абдулла Қодирий, Навоий ва Ўзбекистон ҳамда Абай кўчаларини кесиб ўтиб, иккига – ўнгга Анҳор, тўғрига – Бўрижарга ажралади. Суғориш майдони 100 минг га.
Бўзсув канали милоднинг бошларида қазилган деб тахмин қилинади. Муҳаммад Солиҳхўжанинг (1830–1890) «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида Бўзсув канали қазилишига боғлиқ қуйидаги ривоят келтирилади: «…Подшоҳ Кайкобус ва подшоҳ Салор замонида Кайкобус буйруғи билан шаҳардан уч тош бўлган Банди Подшоҳ деган ерда Фарак (Чирчиқ) дарёсидан катта анҳор қазилди ва икки тошга етказилгач, у икки тармоққа бўлинди. Бири шарқдан жанубга йўналтирилдики, у ердан шаҳаргача чорак фарсанг (1,5 км)дир. Вилоятнинг охири бўлган ғарб тарафга оқадиган бу ариқ Салор номига мансубдир. Яна бирини ўша мавзедан шаҳар ташқарисигача етказиб, Кайкобус номини қўйдилар… Ҳозир Кайкобус ариғини одамлар Бўзсув деб атайдилар».
Бўзсув системаси 1971–77 йилларда реконструкция қилинган. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейинги йилларда Бўзсув соҳилларини ободонлаштиришга алоҳида эътибор берилди. Тошкент ичида каналнинг 2,2 км қисми бетонланган. Бўзсувдан ҳар икки томонга 25 тармоқ чиқарилган. Шундан 10 дан ортиғи туманлараро ариқлардир. Бўзсув ва ундан чиқарилган Дарбозакент, Салор, Баротхўжа, Чартоқ, Шоҳ, Боғлар, Янги Шоҳ, Тўқабой, Қулбой, Кайковус, Кенгариқ, Оққўрғон, Қорасув, Яланғоч, Анҳор, Бўрижар ва Оқтепа ариқлари Тошкентдан оқиб ўтиб, шаҳарни сув билан таъминлайди. Бўзсув энергетика трактида умумий қуввати 250 минг кВт дан ортиқ 17 та ГЭС ишлаб турибди. Бўзсув пойтахт вилоятининг 89308 гектар майдонини, жумладан Тошкентнинг 19323 гектар ҳудудини сув билан таъминлайди.