Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон етакчиси Венгрия Ҳукумати раҳбарини “ФИДЕС” – Христиан-демократик халқ партияси коалицияси ушбу мамлакат парламентига сайловда ғалаба қозонгани билан самимий табриклади.
Томонлар икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан бир-бирини табрикладилар.
Стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари, Венгрия Бош вазирининг ўтган йили март ойидаги Ўзбекистонга ташрифи якунида эришилган келишувлар ижросининг бориши батафсил муҳокама қилинди.
Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, банк-молия соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди.