Ижтимоий тармоқларда эндиликда болалар 2 ёшдан боғчага қабул қилиниши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ушбу хабарлар юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 17 «б» бандига кўра, тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларига 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади.
Яъни, Мактабгача таълим ташкилоти томонидан кўрсатилиши режалаштирилаётган қўшимча хизматлар турлари ҳамда улар учун белгиланадиган тўловлар миқдори мактабгача таълим ташкилотининг кузатув кенгаши йиғилишида муҳокама қилинади.
Мактабгача таълим ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган қўшимча хизматларнинг нархлар прейскуранти тегишли мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлинмаси билан келишилган ҳолда мактабгача таълим ташкилотининг директори томонидан тасдиқланади.