2022 йил 1 март куни Тошкент вақти билан соат 9:15да Украинадан эвакуация қилинган 258 нафар ҳамюртимизни Полшанинг Катовице шаҳридан олиб келган навбатдаги махсус самолёт пойтахтимизга қўнди.
Жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва мутасадди ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари натижасида Украинадан жами 509 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ватанимизга қайтарилди.
Ҳозирги вақтда «Карчова» назорат-ўтиш пунктидаги тўпланиш жойида бўлиб турган 650 дан ортиқ фуқароларимиз учун барча зарур шароитлар яратилган. Юртдошларимизни олиб келиш учун яна қатор эвакуацион рейсларни ташкиллаштириш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистоннинг Полшадаги Элчихонаси дипломатлари фуқароларнинг масалаларини ҳал қилиш билан шуғулланмоқда ва уларнинг аэропортда бўлиб туришларини мувофиқлаштирмоқда. Элчихонада узлуксиз ишлайдиган тезкор штаб ташкил этилган.