Ижтимоий тармоқларда “Миздакхон комплекси” ҳудудида жойлашган Ҳалифа Ражаб (Эрежеп) мақбараси тарихий ёдгорлиги ҳудудида янги қабрлар учун ерлар сотилаётганлиги ҳақида хабар тарқалди.
2021 йилнинг октябрь ойида Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Маданий мерос бошқармаси томонидан “Миздакхон комплекси” тарихий обидалар ҳудудида ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, “Миздакхон комплекси”дан қабристон сифатида фойдаланиб келинаётганлиги аниқланган. Ушбу ҳолатни олдини олиш ва тўхтатиш мақсадида Хўжайли туман ҳокимлигига бошқарманинг 29-окабрдаги 5/257-сонли хат билан мурожаат қилинган. Хўжайли туман ҳокимлиги томонидан ушбу маданий мерос объектига янги қабрларни қурилишини олдини олиш мақсадида Хўжайли туман ободонлаштириш бошқармасига “Миздакхон комплекси” тарихий обидалари ҳудудида қабрларнинг жойлаштирилишини назоратга олиш вазифаси юклатилган.
Аммо ҳозирги вақтда Хўжайли туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан ушбу маданий мерос объекти атрофида янги қабрларнинг жойлаштирилишини тўхтатилиши тўлиқ назоратга олинмаган.
2021 йилнинг 1 декабрь куни Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори Турсунали Кузиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ўрганиш ишлари олиб бориш жараёнида мазкур масала назоратга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги 101-сон қарор билан тасдиқланган “Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 53-бандига кўра, маданий мерос объектлари (археологик обидалар) ва уларнинг муҳофаза зоналари ҳудуди қабристон учун ер участкаси сифатида ажратилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилганлиги талаблари бузилганлиги инобатга олиниб, Қоқақалпоғистон Республикаси прокуратурасига мазкур ҳолатни бартараф қилиш учун қонуний қонуний чоралар кўрилиши сўралиб мурожаат қилинган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Маданий мерос бошқармасига маданий мерос объекти ҳудудини мухофаза қилиш ва асрашга доир кўрсатмалар берилди.
Ҳозирги вақда Қоқақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги маданий мерос объектлари (археология обидалари) ва уларнинг муҳофаза зоналари ҳудуди қабристон учун ер участкаси сифатида ажратилиши мумкин эмаслиги, акс ҳолда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантиради.