Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон тараққиётида ижтимоий ташаббуслар ўрни” мавзусида амалий-маданий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирнинг мақсади нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурлари самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимига йўналтириш, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига қаратилди.
Тадбирда Олий Мажлис, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, халқаро ва чет эл ташкилотларининг ваколатхона ва филиалларининг вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўнгги 5 йилда нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги кафолатларини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотларнинг натижаларига, инсон капитали салоҳиятини ривожлантиришда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига батафсил тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, тадбир доирасида жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Давлат бошқаруви академиясининг малака ошириш курсларини тамомлаган 50 нафар нодавлат нотижорат ташкилот раҳбарларига махсус сертификатлар топширилди ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фонди томонидан эълон қилинган грант танловларида ғолиб бўлган 120 та лойиҳа муаллифлари тақдирланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Давлат Раҳбарининг соҳага оид қабул қилган сўнгги фармон ва қарорларида 2025 йилга қадар жами 750 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлар ходимларининг Давлат бошқаруви академиясида малакасини ошириш ҳамда уларнинг ижтимоий лойиҳа ва дастурларини давлат томонидан молиялаштириш ҳажмини қарийб 2 бараварга кўпайтириш белгиланган.