9.9 C
Узбекистан
Вторник, 26 ноября, 2024

Таълим сифати ва таълим олиш имконияти: сиёсий партиялар нигоҳида

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

Мамлакат келажаги, инсон ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантириш ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти бевосита таълим ва илм-фан соҳасидаги сиёсатнинг самарадорлигига боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси таълим ва илм-фан устуворлигини эътироф этган ҳолда, таълимнинг сифати ва эркинлигини таъминлаш, бу соҳада давлат бошқарувининг самарали тизимини яратиш бўйича тизимли ва кенг доирадаги чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Сўнгги беш йилдагина таълим соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 95 та Фармон ва қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 222 та қарорлари қабул қилинди. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг катта қисми ижтимоий харажатлар, жумладан, таълим ва илм-фан учун ажратилади. 2021 йилда болалар боғчалари, мактаб, коллеж, техникумлар ва олий ўқув юртларини лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш бўйича ишларни молиялаштириш учун мамлакат бюджетидан 2,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Мазкур мақолада илмий-академик ва эксперт-таҳлилий доиралар, жамоатчилик, хусусан, Интернет ва ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижаларининг таҳлилини ҳисобга олган ҳолда сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари томонидан таълим ва илм-фан тизимини такомиллаштириш бўйича илгари сурилган ташаббус ва таклифларни кўриб чиқамиз. Сайлов платформаларида партияларнинг ёндашуви, сайлов кампанияси даврида номзодларнинг бу масалалар бўйича тушунтиришлари сайловчиларнинг фикри ва танловига сезиларли таъсир кўрсатади.

Энг муҳим масалалардан бири таълим сифати ва таълим олиш имконияти, таълим жараёнининг ижтимоий жиҳатлари ҳисобланади.

Мактабгача таълим

Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда таълим соҳасидаги энг муҳим ютуғи, шубҳасиз, мактабгача таълимнинг сифат жиҳатидан янги тизимини яратишдир. 2019 йил 16 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги алоҳида Қонуни қабул қилинди. Самарали давлат бошқаруви тизимини яратиш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ваколатли давлат органи – Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Агар 2016 йилда республикада 5211 та болалар боғчаси бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 19316 тага етди, мактабгача таълим билан қамраб олиш 62 фоизни, 6 ёшли болалар ўртасида эса – 77 фоизни ташкил этди. Мамлакатимизда қамров доираси паст бўлган жойларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, 2021-2022 йилларда қамров доираси кам бўлган ҳудудларда 68775 нафар болалар сиғимига эга 2150 та болалар боғчаларини ташкил этиш режалаштирилган.

Партиялар мактабгача таълим билан болалар қамровини кенгайтиришни таклиф этишмоқда. Жумладан, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси қамровни 100 фоизга оширишни таклиф этишмоқда, бунда “Адолат” партияси икки ёшдан бошлаб болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни таклиф этмоқда. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 7 мингдан ортиқ болалар боғчалари ташкил этиш орқали мактабгача таълим билан қамровни 80 фоизга оширишга эришишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси барча аҳоли пунктларида мактабгача таълим ташкилотларини очиш, болаларни соғлом овқатлантиришни таклиф этмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, бу таклифлар молиявий жиҳатдан асосланмаган, бундан ташқари, мақсадларга эришишнинг аниқ механизмлари кўрсатилмаган. Умуман олганда, барча жойларда болалар боғчаларининг ташкил этилиши мактабгача таълим билан қамровни англатадими? Кейинги беш йил ичида Ўзбекистонда мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш имконияти қанчалик ҳақиқатга яқин? Таққослаш учун: 2017 йил учун Education at a Glance маълумотларига кўра кўра, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)га аъзо мамлакатларда мактабгача таълим билан қамров ўртача 83% ни ва ўрта даромадли мамлакатларда – 74% ни ташкил этади. Қўшни Қозоғистонда бу кўрсаткич 78,3% ни ташкил этади (2019 натижаларига кўра). Бу борада ЎзЛиДеПнинг таклифлари, “сўл” партиялар (ХДП, “Адолат”, Экологик партия)дан фарқли ўлароқ, бажариб бўладиган ва ҳақиқатга яқин ҳисобланади.

Бундан ташқари, икки ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим ташкилотларида қамраб олиш имконияти, соғлом овқатланишнинг ташкил этилишини таъминлаш ҳуқуқий асосга эга. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонуни нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига илк болалик ёшига етган (бир ёшдан уч ёшгача) болаларни қабул қилиш имконини беради. Соғлом овқатланиш кафолатлари қонунда мустаҳкамланди, жумладан озиқ-овқат сифати устидан давлат назорати тизими йўлга қуйилди. Соғлом овқатланишни таъминлаш тартиби Ҳукумат қарори даражасида ҳал этилди – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги 626-сон «Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан озиқ-овқат сифатини яхшилаш мақсадида аутсорсинг усули жорий этилиб, овқатлантириш меъёрлари ва номзодларни саралаб олиш механизми белгиланди. Қонунда болаларни умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтиши мустаҳкамланган. Болаларнинг умумий ўрта таълимга бир йиллик мажбурий тайёргарлик кўриши учун жавобгарлик уларнинг қонуний вакиллари зиммасига юклатилиб, мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасида аниқлаштирилган.

ХДП, ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” демократик партияси олти ёшдаги болаларни бошланғич таълимга мажбурий тайёргарлик кўришини таъминлаш орқали мактабгача ва мактаб таълимининг ўзаро алоқадорлигига эътибор қаратишган. Бунда ХДП ва “Миллий тикланиш” мазкур тизимнинг бепуллини кўрсатишган бўлса, ЎзЛиДеП эса давлат-хусусий шерикликни фаол қўллаш тарафдори эканлигини билдирган. Шунингдек ЎзЛиДеП ўз ташаббусини амалга ошириш муддатини аниқлаштирган (2024 йил якуни). ХДП ва ЎзЛиДеПларданфарқли ўлароқ “Миллий тикланиш” амалдаги хусусий боғчалар тизими билан бир қаторда боғчаларни давлат томонидан молиялаштиришни устувор йўналиш сифатида белгилаган. “Адолат” ҳам давлат мактабгача таълим тизимини бепул қилишни таклиф қилган. Фикримизча, ХДП, “Адолат” ва “Миллий тикланиш” Ўзбекистоннинг реал ижтимоий-иқтисодий имкониятларини инобатга олишлари зарур. “Ўзбекистон Республикаси учун ривожланишнинг молиялаштирилишини баҳолаш” (2021 йил) номли таҳлилий ҳисоботга мувофиқ таълимни, шу жумладан мактабгача таълимни молиялаштириш учун ҳаражатлар даромад даражаси мамлакатимизга таққослаганда яқин бўлган мамлакатлар, ҳудудий ҳамкор давлатлар ва ИҲТТ мамлакатларидан кўра юқорироқ саналади. Тўлиқ бепул тизимни жорий этиш Давлат бюджети ҳаражатларининг ортишига олиб келиши мумкин, бу эса солиқ сиёсатига номуайян таъсир кўрсатиши мумкин (солиқ ставкаларининг ошиши). ЮНИСЕФнинг “Мактабгача таълимда давлат-хусусий шериклик: халқаро тажриба ва Ўзбекистон учун дарслар” номли тавсияларига кўра давлат-хусусий шериклик (ДХШ) молашувчанлик, рақобатни таъминлайди, хавфларни олдини олишга ёрдам беради, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Лотин Америкаси мамлакатлари тажрибаси ҳам бундан далолат бермоқда. Бинобарин болалар боғчаларини тўлиқ молиялаштириш давлат бюджетидан катта ҳаражатларга олиб келади. Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотларининг тармоғларини кенгайтиришга қаратилган ДХШ механизмларини жорий этиш ва ривожлантириш мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади, бу эса бюджет даромадлари ва ҳаражатлари мувозанатини сақлашга хизмат қилади.

Мактабгача таълим

Мамлакатимизда 9942 умумтаълим мактаблари фаолият юритиб, уларда 611940 ўқувчи таҳсил олмоқда. Мамлакатимизда янги турдаги ва янги сифат босқичидаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолият юритмоқда. Ҳозирги кунга келиб, математика йўналишида 112 та, физика йўналишида 14 та, кимё-биология бўйича 87 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослашган мактаблар фаолият олиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда. Бугун мамлакатимизда таълим сифатини ошириш ва таълим олиш имкониятини кенгайтириш бўйича ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, “Замонавий мактаб” лойиҳаси доирасида 2020-2022 йилларда бутун республика бўйича, хусусан узоқда жойлашган туман ва қишлоқларда 48 та янги мактаблар қурилиши, 748 та мактабларда реконструкция ва капитал таъмир ишлари амалга оширилади. Бу мақсадларда 4 триллион сўмдан ортиқ пул маблағларини ажратиш режалаштирилган. Умуман, халқ таълими ислоҳотлари ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий ва ақлий ривожланишини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради.

Бу йўналишдаги аксарият номзодларнинг таклифлари партияларнинг устувор йўналишлари билан боғлиқ. ХДП ногиронлиги бўлган болаларни таълимига, олис қишлоқлардаги болалар учун мўлжалланган маданият муассасалари, спорт иншоотлари, “Баркамол авлод” марказлари, мусиқа ва санъат мактабларининг фаолиятини янада ривожлантиришга эътибор қаратган. Партиянинг ногиронлар учун маънавий-маърифий соҳада имкониятларни кенгайтириш борасидаги таклифлари алоҳида эътиборга молик. Таклифларнинг муайян қисми (ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, инклюзив таълимни ривожлантириш) Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан тасдиқланган Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида амалга оширилмоқда. Бизнинг фикримизча, ХДП “халқ” партияси мақомига эга бўлган ҳолда ҳамда аҳолининг барча қатламлари учун сифатли таълимдан тенг фойдаланиш имкониятларини таъминлаш тарафдори бўлиб, ўз ташаббуслари доирасида халқ таълимини ҳар томонлама такомиллаштиришга эътибор қаратиши, мавжуд муаммоларни ҳал этишга тизимли ёндашиши лозим. Хусусан, умумий ўрта таълимни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш орқали партия томонидан билдирилган таклифларни амалга ошириш самарадорлиги ортиши мумкин. Шу ўринда ЎзЛиДеПдан номзоднинг янги мактаблар қуриш ва хусусий мактаблар сонини кўпайтириш, 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратишни назарда тутувчи Мактабларни ривожлантириш давлат дастурини жорий этиш тўғрисидаги таклифини мисол қилиб келтириш мумкин.

“Адолат” ва ЎзЛиДеПнинг янги авлод дарсликлари ва ўқув адабиётларини тайёрлаш орқали таълим сифатини оширишга оид интилишлари эътиборга лойиқ. “Адолат” “Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти”ни ташкил этишни таклиф этмоқда. Бугун мазкур вазифани Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази амалга ошириб келмоқда. Бундай институтни ташкил этиш барча фанлар бўйича мутахассисларни бир илмий тузилма доирасида бирлаштиришни назарда тутади, бу эса тегишли соҳа олим ва мутахассисларининг жамоасини яратишни тақозо этади. Функцияларни битта институтга юклаш манфаатлар тўқнашувининг вужудга келиши хавфини оширади, соғлом рақобатни тўлиқ таъминлашга имкон бермайди. Бу борада муаллифларни танлов асосида саралаб олишни назарда тутувчи амалдаги тизимни сақлаб қолиш ҳақида ўйлаб кўриш лозим. ЎзЛиДеП 2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарсликларни илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишлаб, амалда жорий этишни таклиф этган. Партияларнинг қайд этилган таклифларини амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида ҳаётга татбиқ этиш мақсадга мувофиқ. Сифатли ўқув адабиётларини тайёрлаш масаласига кетма-кетлик билан ёндашиш лозим, бунинг учун аввал Миллий ўқув дастурини тезроқ қабул қилиш лозим.

“Яшил” партия сифатида Экологик партия узлуксиз таълимнинг барча босқичларида экологик таълим-тарбия тамойилларини кенг жорий этиш, ёшларнинг экологик билимларини оширишни таклиф этмоқда. Экологик маданият ва таълимни шакллантириш – узлуксиз экологик таълими комплекс тизимини ташкил этиш масалалари 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида акс этган. 2019 йилда Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси тасдиқланган. Экологик партиянинг таклифлари мазкур концепцияларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган. Европа ва Шимолий Америка мамлакатларида “яшиллар” партияси таълим тизимига комплекс тарзда ёндашиб, унга жамиятни янгилаш ва модернизация қилиш калити сифатида қарашади. Шу сабабали, Экологик партия ёшларнинг экологик билимларини оширишда йўл қуйилаётган камчиликларни ва тўсиқларни кенгроқ таҳлил қилиши зарур, бу эса, ўз навбатида, билдирилган ташаббусни аниқ ва равшан ифода қилишга имкон берар эди.

“Миллий тикланиш” томонидан таклиф этилаётган бола туғилганидан мактабни тугаллагунигача бўлган даврни ўз ичига олган тарбия ва таълим дастури ишлаб чиқилиши учун ягона “Оила — боғча — мактаб” тизими бир неча саволлар тўғилишига сабаб бўлмоқда. Мазкур тизим бирон-бир чора-тадбирлар, қоидалар мажмуасини ёки боғчалар ва мактабларни ягона муассасага бирлаштиришни назарда тутишини аниқлаш мушкулдир. Таълимнинг узлуксизлиги Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонун билан таъминланган ва кафолатланган бўлиб, унда таълим тизими ягона ва узлуксизлиги кўрсатилган. Шунинг учун партия ва унинг номзоди томонидан таклиф этилаётган тизимнинг мазмун ва моҳиятини тўлиқ англаб етиш учун ўз таклифларига аниқлик киритилиши, сайлов кампанияси доирасида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Олий таълим

Олий таълим соҳасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги беш йилда нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 67 та янги университет ва институтлар ҳамда филиаллар барпо этилиб, уларнинг умумий сони 144 тага етказилди, қамров даражаси 3 карра ортиб, 9 фоиздан 28 фоизга етди. 2021/2022 ўқув йилидан Янги Ўзбекистон университети ўз фаолиятини бошлади.

ХДП ва “Адолат” томонидан илгари сурилган таклифларнинг асосий қисми тўғридан-тўғри давлатнинг қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ. Улар бепул олий таълим бериш тизимини тартибга солишнинг замонавий механизмларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш ва амалиётга жорий этиш, кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандларини таълим олишини қўллаб-қувватлашни таклиф этишмоқда.

Ўзбекистонда олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар бепул олий таълим олиш учун кенг имкониятлар яратди. Айрим турдаги шахслар (ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, хотин-қизлар, спорт мусобақалари ғолиблари, турли танловлар ғолиблари, кам таъминланган оилалар фарзандлари) учун олий таълим муассасалари (ОТМ)га давлат гранти асосида ўқишга кириш учун квоталар ажратилган. Бугун 12 тоифадаги шахслар учун имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида ўқишга кириш учун имтиёзлар, 9 тоифадаги шахслар учун ўқишга кириш учун алоҳида квоталар ажратилган. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар абитуриентлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилди. Буларнинг барчаси бепул олий таълим олиш имконияти мавжудлигини кўрсатмоқда. Ҳудди шунингдек иқтидорли талабалар учун кафолатларни ҳам мисол келтиришимиз мумкин. Фақатгина шу йилнинг ўтган даврида давлат ва номли стипендия учун квоталарни кўпайтириш, талабаларни турар-жой билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни назарда тутувчи 3 та Президент ҳужжатлари ва 3 Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

“Адолат”нинг олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилишга оид кескин таклифи кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда. Олий таълим квоталарини йўқ қилиш, эътиборни жалб қилса-да, мазмун ва моҳияти бўйича ОТМлар орасидаги мусобақа ва соғлом рақобат муҳитига таъсир кўрсатиши, ўқишга кириш учун танлов ўтказишда муаммолар вужудга келишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, қабул квоталари ОТМларнинг талабаларга сифатли таълим бериши билан бевосита боғлиқ. Бинобарин, квоталарни кескин йўқ қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга мамлакатимизда олий таълим қамровини кенгайтириш юзасидан режали асосда ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган беш йил давомида квоталар уч бараварга, яъни 57907 та (2016/2017 ўқув йили)дан 157755 та (2021/2022 ўқув йили)га кўпайтирилди. Хусусан, давлат гранти асосида ўқиш учун квоталар бир ярим бараварга оширилди. Жорий ўқув йилидан бошлаб республикадаги хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида ўқитиш тизими йўлга қўйилди. Шунинг учун олий таълим квоталарини йўқ қилиш мақсадга мувофиқ эмас, мазкур масалани олий таълим қамровини босқичма-босқич кенгайтириш ҳисобига муҳокама қилиш мақсадга мувофиқ.

Олий таълим оид ЎзЛиДеП ва Экологик партиянинг таклифлари олий таълим қамрови бўйича ўзининг аниқлиги билан ажралиб туради. ЎзЛиДеП таълим сифатини ошириш билан бир вақтда ёшларнинг қамров даражасини 50 фоизга, Экологик партия эса 40 % га етказишга эътибор қаратган.

Кейинги беш йилда ЎзЛиДеП хусусий олий таълим ташкилотлари сонини камида 50 тага етказиш мақсадини қўйган. Мазкур ташаббус улкан истиқболларга эга. Гарвард, Стенфорд, Пристон университетлари каби нуфузли ОТМлари хусусий саналади. Буюк Британияда машҳур судьяларнинг 74%, мувафаққиятли фаолият юритаётган журналистларнинг 51%, шуҳрат қозонган ва юқори маош оладиган докторларнинг 61% таълимни хусусий университетларда олишган. Хусусий университетларга давлат ОТМларига қуйилган талаблардан кам бўлмаган талаблар қўйилади. Бу эса олий таълим соҳасида нодавлат сектори самарадорлигини кўрсатади. Партия давлат ОТМлари томонидан босқичма-босқич меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаш амалиёти йўлга қўйилишини назарда тутган. Бунда, фикримизча, таклифларни рўёбга чиқариш мамлакат ОТМларини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингига киритиш, уларнинг академик мустақиллигини таъминлаш каби масалалар жой олган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида амалга оширилиши лозим.

Экологик партия соҳадаги таклифлари умумий тусга эга. Партиядан номзод экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрлашни кенгайтиришни илгари сурган. Бугун бу соҳадаги олий маълумотли кадрларни тайёрлаш 27 ОТМларининг бакалавриат босқичида амалга оширилади, магистрлар 12 ОТМларда тайёрланади. Хусусан, бакалавриат квоталари сони 950 ўринни ташкил этади, бунда уларнинг барчаси бир йўналиш – “Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш” доирасида назарда тутилган. Бундай бир томонлама ёндашув жиддий муаммолардан бири бўлиб, унга Экологик партия ўз эътиборини қаратган. АОКАдаги брифингда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вакили томонидан мутахассислар етишмаслиги дарахтлар кесиш учун ноқонуний хулосалар берилишига сабаб бўлганлиги айтиб ўтилди. Келтирилган статистикага кўра Давлат экология қўмитасининг 2000 нафар ходими орасида 10 % га яқини экология соҳасидаги мутахассислар бўлиб, “арборист”, “фитопатолог”, “дендролог” ва “энтомолог” каби мутахассислар йўқ. Назаримизда, бу масалалар Экологик партия ташабуссларида ўз аксини топиши лозим эди. Шу жиҳатдан номзодга сайловолди дастури доирасида яшил иқтисодиёт ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича таклифларни ёритишда қўллаган ёндашувидан фойдаланиши ўринлидир.

Узлуксиз таълим сифатини мустақил баҳолаш тизимини шакллантириш ва қўшимча педагогик таълим хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш – партиянинг “яшил” ёндашув бўлмаган айрим таклифларидан бири. Бунда партия томонидан таклиф этилаётган мустақил тизим нодавлат сектори ривожланишини англатадими ёки жамоатчилик назоратини кучайтирадими деган савол орқали ўз таклифи моҳиятини очиб бериши мақсадга мувофиқ. Ҳозирда бу тизим давлат назорати остида амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, таълим тизимида ўқув-тарбия жараёнлари, профессор-ўқитувчилар таркиби, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш, педагог кадрларга малака тоифаларини бериш бўйича давлат сиёсатини амалга оширади.

Хулоса қилганда, партия ва номзодларнинг амалдаги платформаларининг таҳлили таълим сифати ва таълим олиш имконияти ижтимоий осойишталик ва жамият тараққиётининг муҳим феномени сифатида белгиланишидан далолат бермоқда. Барча партиялар таълимнинг барча буғинлари муҳимлигини таъкидлашмоқда. Юқорида ўтказилган тадқиқот ташаббусларни иқтисодий асослантириш лозимлигини, амалий натижалар ва уларнинг янгилиги муҳим эканлигини, изчил чора-тадбирлар самарадорлигини кўрсатди.

Қайд этилганларга асосан партиялар эътибор қаратиши лозим бўлган тавсияларни шакллантириш имконини беради, булар – профессионал таълим сифатини ошириш, профессионал таълимга эга кадрларга бўлган эҳтиёжни таҳлил қилиш, профессионал ёки олий таълимга эга кадрларни тайёрлаш мутахассисликларини шакллантиришда мослашувчанликни таъминлаш, янги эҳтиёж юқори бўлган, шу жумладан тор доирадаги мутахассисликларни очиш.

Мухтасар қилиб айтганда, сайлов натижаларидан қатъий назар, сайловда ғалаба қозонган партия ва унинг номзоди бошқа партиялар билдирган ташаббусларнинг афзалликларини инобатг олиши, Ўзбекистон равнақи йўлида илмий ва иқтисодий асосланган таклифларни рўёбга чиқариши лозим.

Абдулазиз РАСУЛЕВ, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директорининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор

Шохжахон ХЎЖАЕВ, Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Бахтиёр Саидов Исроил элчисига Цви Коганнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг билан учрашиб, Цви Коганнинг вафоти муносабати билан “чуқур...

Больше похожих статей

×