Танзила НАРБАЕВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси:
– Барқарор ривожлантириш мақсадларига эришиш дунё мамлакатлари қатори биз учун ҳам ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, кейинги беш йилда ушбу масала Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, глобал миқёсда белгиланган 17 мақсаднинг 16 таси Ўзбекистон учун долзарб аҳамиятга эга. 2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси, ҳеч шубҳасиз, ушбу мақсадларига босқичма-босқич эришишга хизмат қилмоқда.
Қолаверса, мазкур мақсадларга ҳамоҳанг равишда 2018 йилда Ўзбекистон Ҳукумати томонидан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар, уларга оид индикторларнинг тасдиқлангани, миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилгани ҳамда тегишли.
“Йўл харитаси” тасдиқлангани бу борадаги ишларимизни тизимли тарзда олиб бориш имконини бермоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида деярли барча муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаларни кейинги беш, ўн йилда ривожлантириш истиқболларини белгиловчи стратегия ва концепциялар қабул қилиниб, изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Биргина таълим соҳасидаги ислоҳотларимиз самараси ўлароқ, мактабгача таълим қамрови икки баравардан зиёдга кенгайди. Олий таълим муассасалари сони икки бараварга, қабул ўринлари эса қарийб уч бараварга ошди. Соғлиқни сақлаш тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлар эса пандемия даврида ўзини тўла оқлади.
Иқтисодиётни ривожлантириш, саноат, ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, соҳада давлат иштирокини қисқартириш, кичик ҳамда ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар боис аҳоли фаровонлиги, жумладан даромадлари ортиб бормоқда.
Яна бир жиҳат. Ўтган йилда БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши (ЭКОСОС) бошчилигида ўтказилган олий даражадаги сиёсий форумда Ўзбекистоннинг БРМни амалга оширишга доир биринчи Ихтиёрий миллий ҳисоботи тақдим этилди. Мамлакатимиз илк маротаба барқарор ривожланиш бўйича олий даражадаги сиёсий форумга ушбу шарҳни тақдим этган 49 та давлат сафидан жой олди. Амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз халқаро рейтинг агентликлари томонидан ҳам муносиб баҳоланмоқда.
Бертельсман фондининг 2020 йилги ҳисоботида Ўзбекистон БРМ кўрсаткичларига эришиш бўйича 193 та мамлакат орасида 66-ўринни эгаллади. Қолаверса, етакчи халқаро молия тузилмалари эътирофига кўра мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсмоқда.
Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш – 2020” ҳисоботида мамлакатимиз бизнес муҳитини яхшилаш бўйича энг юқори натижаларни кўрсатган 20 та мамлакат қаторига киритилди.