Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўз кириш сўзида мамлакатимизда бир қатор йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотлар дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганига урғу берди.
– Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз доирасида мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатига буткул барҳам берилишига эришдик, – Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Давлат ва жамият ҳаётида аёлларнинг ўрни ва нуфузи юксалиб бормоқда. Хусусан, Парламентда аёллар ўрни икки карра ошди. Парламентлараро иттифоқ эътирофига кўра, хотин-қизларнинг қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти доирасида иштироки бўйича Ўзбекистон иттифоққа аъзо 190 та давлат орасида 45-ўринни эгаллади. Ваҳоланки, бир неча йил олдин биз бу рўйхатда жуда пастда эдик. Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторидан жой олди.
Албатта, бу борада амалга оширадиган ишларимиз кўп. Қайсидир жабҳаларда ҳаракатларни янада жадаллаштириш ва яна қайсидир соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга эҳтиёж бор. Айниқса, парламент имкониятларини сафарбар этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Шу нуқтаи назардан, ўтган йили барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилди.
Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати институтларидан фойдаланган ҳолда, барқарор ривожланишнинг мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда ҳар иккала палата фаол иш олиб бормоқда. Айниқса, бюджетни шакллантириш ва ижросини назорат қилишда Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш керакки, бюджет харажатларининг аксарият қисми ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Бугун Ўзбекистон бюджети – ижтимоий йўналтирилган бюджет, деб бемалол айтиш мумкин.
Бу борада масъулият ва жавобгарликни кучайтириш, мавжуд тизимли муаммоларни биргаликда ҳал қилиш нуқтаи назаридан Ҳукумат билан мулоқотларимиз узвийлик ва мунтазамлик касб этмоқда.