“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати хабарига кўра, Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани ҳудудида олиб борилган геологик тадқиқотлар ва излов-қидирув ишлари натижасида, табиий газ ресурси 5 млрд 632 млн куб метрдан зиёд бўлган янги кон очилди.
Муборак тумани ҳудудида олиб борилаётган геология-қидирув ишлари доирасида “Ижобат” майдонида 2021 йилнинг 20 январида янги излов қудуғини бурғилаш ишлари бошланган эди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Қашқадарёдаги табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолатини ўрганиш жараёнида коннинг очилиш маросимида қатнашди ва расман кон очилишига рухсат берди.
Қайд этилишича, “Ижобат-1” қудуғи 2021 метр чуқурликкача бурғиланди ва ушбу жараёнда маҳсулдор қатламнинг 2021–1708 метр чуқурлик оралиғидан саноат миқёсидаги табиий газ оқими олина бошланди. Қудуқдан олинган табиий газнинг дастлабки эркин кунлик дебити 200 минг куб метрни ташкил қилмоқда.
Яқин вақт ичида “Ижобат-1” қудуғида маҳсулдор қатламнинг босими, ҳарорати ва кон-геологик параметрларини аниқлаш ҳамда унинг саноат миқёсида қазиб чиқариш қувватини аниқлаш мақсадида геологик тадқиқот ишлари олиб борилади.
“Ижобат” майдонининг ўлчами 10,5 кв. км.ни ташкил этиб, табиий газ ресурси 5 млрд 632 млн куб метр ва конденсат ресурси 248 минг тоннани ташкил этади.