Ўзбекистон Airbus Helicopters компаниясидан вертолётлар сотиб олмоқчи. Бу ҳақда 23 февраль куни транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ҳамда Airbus International компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице президенти Жак Гарриг ўртасида бўлиб ўтган музокараларда айтилди.
Республика ушбу ҳаво транспорт турида қатновларни йўлга қўйиш орқали мазкур йўналишда Марказий Осиё минтақаси бозорида етакчи иштирокчига айланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Ушбу йўналишни ривожлантиришда хорижий давлатларнинг вертолётлар эксплуатацияси ва учувчилар учун тренинглар ўтказиш бўйича тажрибаларини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Airbus International компанияси вакиллари аэропортларни бошқариш соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан ўз таклифларини билдиришди. Учрашув давомида француз томони жорий йилнинг май ойида Франция савдо вазирининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилаётганини маълум қилди.