Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 28 январидан бошлаб санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда концерт ва томоша тадбирларини ўтказишга рухсат берилди.
Бунда қуйидаги талабларга риоя қилиш зарур бўлади:
– концерт саройларининг томошабин сиғимини инобатга олган ҳолда томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаган ҳолда ташкил этиш;
– концерт саройларининг томошабин ўриндиқларидан оралиқ масофани сақлаган ҳолда фойдаланилишини таъминлаш ва бу борада оралиқ масофани сақлаш учун талаб этиладиган ўриндиқларни консервация қилиш;
– концерт саройларига ташриф буюрувчи томошабин ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимлар қатъий ниқобда (маскада) бўлиш.
Шунингдек, ушбу қарор билан Республика махсус комиссиясининг умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар томонидан соат 8:00 дан 23:00 гача бўлган даврида фаолият юритиши билан боғлиқ бўлган чекловлар ҳам бекор қилинмоқда.
Бунда Вазирлар Маҳкамасининг “Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 24 июлдаги 624-сон қарори талаблари доирасида фаолиятни ташкил этилишига рухсат берилди.