Олмиш соатлик ибодатдат кўра,
бир соатлик одиллик устунроқдир.
Амир Темур
Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ буюк мақсадларни олдига қўйган Республикамиз ўз тараққиёт йўлини танлади. Халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги, ватан тараққиёти каби эзгу ниятларни амалга ошириш учун албатта биринчи ўринда асосий қонунимиз Конституцияни қабул қилишимиз муҳим масалалардан бири эди. Шу мақсадда 64 кишидан иборат тасдиқланган комиссия ишчи гурухи икки ярим йил давомида иш олиб бориб, 128 моддадан иборат Конституция лойихасини ишлаб чиқди ва икки маротаба халқ муҳокамасига қўйилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн иккинчи чақириқ ўн биринчи сессиясида мустақил давлатимизнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Давлат бошқаруви тизими ва уларнинг вазифа ҳамда функциялари, мазкур органлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тубдан ўзгарди.
Барча давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифаси этиб қонун устуворлигига эришиш, барча жабҳаларда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамият аъзоларининг ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш, жисмонан ва маънан соғлом авлодни вояга етказиш, юрт тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш этиб белгиланди.
Конституциямиз қабул қилинганлигидан буён 16 маротаба қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган бўлсада, бундан йигирма бир йил аввал 2002 йил 27 январда бўлиб ўтган Референдум орқали Ўзбекистон Республикасида 2 палаталик парламенти шакллантирилди.
Орадан 31 йил ўтибдики, шиддат билан ривожланаётган жонажон ватанимиз тараққиёти, давлатнинг асосий манбаи бўлган фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қиладиган янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш арафасида турибмиз.
Ушбу таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг лавозимига киришиш маросимидаги нутқи ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган байрам табригида ҳам ўз аксини топган эди.
Президентимиз таъбири билан айтганда Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хохиш-иродасининг ифодаси – хақиқий халқ Конституцияси бўлади.
Янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги, алоҳида таъкидлаш мумкин.
Асосий Қонунимизда мамлакатимизда жамият ва давлат қурилишининг принциплари аниқ ифодалаб берилди, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши энг муҳим тамойил сифатида белгиланди. Энг муҳими – инсон ҳуқуқларининг давлат манфаатларидан устунлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, хусусий мулкнинг бошқа мулк шаклларидан устувор эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Конституциямизнинг 7-моддасида халқ давлатнинг бирдан бир манбаидир. Шундай экан халқнинг манфаатлари ҳамма нарсадан устундир.
Янги киритилаётган нормаларни янада мукаммал бўлиши учун хориж тажрибаси ўрганилди ва ўзимизнинг минталитетимиздан келиб чиқиб, ҳалқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этган норма ва принципларига ҳар томонлама жавоб бериши учун икки маротаба халқ муҳокамасига қўйилди.
Бунга бефарқ бўлмаган фуқароларимиз томонидан 220 000дан ортиқ таклиф, фикр ва мулоҳазаларни келиб тушиши албатта қувонарли ҳолатдир. Ҳаттоки муаллифсиз (анонимний) таклифлар ҳам ўрганиб чиқилиб, янги нормаларни киритишда фойдаланилди.
Жорий йилнинг 13 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарорининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш бўйича Конституциявий суднинг мажлиси бўлиб ўтди. Унда суд референдумга монеълик қилувчи ҳолатлар аниқланмади, деб қарор қабул қилди.
Жорий йилнинг 14 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масалани кўриб чиқди ва бир овоздан маъқуллади. Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум шу йилнинг 30 апрель куни ўтказилади.
Референдум арафасида Олий Мажлис қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари дерутатлари ҳамда турли соҳа вакилларидан ташкил топган ишчи гурухлари томонидан жойларда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун дойихаси бўйича кенг қамровли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўта муҳим бўлган бу сиёсий жараётларда ўтказилаётган учрашувларда аҳолининг айниқса ёшларнинг қизиқиш билан иштироки, улар томонидан берилаётган саволлар, фикр ва мулоҳазалардан кўриниб турибдики, бугун халқимизнинг сиёсий фаоллиги бироз бўлсада юқори даражага кўтарилганлиги, ҳуқуқий онг ва маданияти янада юксалаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз.
Конституциявий қонун лойихасига киритилаётган муҳим ўзгаришлардан асосий принципларда 1-модданинг талқинига эътиборни қаратадиган бўлсак, Ўзбекистон-бошқарувининг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий ижтимоий ва дунёвий давлат мақоми берилиши халқни жуда қувонтирмоқда.
Дарҳақиқат бу нормаларни киритилиши тинчликсевар, интилувчан, меҳнаткаш халқимизнинг турмуш тарзини янада фаровонлашишига хизмат қилади.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган конституциямизнинг 2-моддасида белгиланган Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги белгиланган. Бироқ, бу норма ҳам энди кучини кўрсатаяпди. Давлат органларига кадрлар заҳирасини тайёрлашда ошкоралик, шаффофлик асосида амалга оширилиши, улар халқ олдида хисобдор эканлиги, Президентимиз таъбири билан айтганда халқ давлатга эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши. Ташкил қилинган Халқ қабулхоналарига фуқаролар дарди ташвиши билан мурожжаатлар қилиши, Президент Виртуал қабулхонасидан тортиб, барча давлат органларига фуқаролар очиқчасига мурожаатлар йўллаши, бундан ташқари сектор раҳбарлари ва мутассадди идора раҳбарларининг сайёр қабулларда халқ билан юзма-юз учрашувлар ўтказиб, уларнинг муаммоларини жойида хал қилиб берилиши хақиқий демократик ҳуқуқий давлатни барпо қилишимиздаги одил қадамлардан нишона эмасми?
Ишонч билдираманки, янги таҳрирдаги Конституциямизни қабул қилишдаги муҳим сиёсий жараёнда 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда овоз беришда фуқароларимиз келажагимизга бефарқ бўлмаган ҳолда ғурур ва ифтихор туйғусида якдиллик билан иштирок этишади.
Аброр Бердиев
Миробод туман адлия бўлими
бош юристконсульти